Андижон вилоят перинатал маркази ҳудудидаги 12 туп дарахтнинг ноқонуний кесилиши ортидан шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Перинатал маркази ҳудудида қимматбаҳо элдор қарағайлари кесиб ташлангани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта охирида хабар қилган эди.
Даставвал мазкур дарахтлар вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов буйруғи асосида кесилгани иддао қилинган. Бироқ ҳокимлик буни рад этиб, қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган такдирда айбдорларга қонуний жазо чоралари кўрилишини билдирган.
Ҳодиса тафсилотларини ўрганган Бош прокуратура ишчи гуруҳи 12 туп қарағайнинг ноқонуний кесилиши учун Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғ.Ш. масъул эканини аниқлаган. Мазкур дарахтлар кесилгани оқибатида табиатга 115,5 миллион сўм миқдорида зарар етказилгани айтилмоқда.
Текшириш натижасига кўра, мулозим Ғ.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.