Шаҳрисабз, Марғилон ва Хива туризм ва сервис коллежлари негизида 2022/2023 ўқув йилидан Шаҳрисабз, Марғилон ва Хива туризм ва маданий мерос техникумлари ташкил этилади. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан шу йил 30 октябрь куни имзоланган қарорда айтилган.
“Туризм, маданий мерос ва музейшунослик соҳаларида малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги мазкур қарор билан Тошкент туризм ва сервис коллежи негизида Университетнинг Тошкент филиали ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, “Ипак йўли” туризм халқаро университети “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети этиб қайта номланган.
Университет Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг туризм, маданий меросни бошқариш ва музейшунослик соҳаларида кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси ҳамда ушбу соҳаларни илмий ва инновацион тадқиқ этиш бўйича илмий муассасага айлантирилгани қайд этилган.
Президент қарорига кўра, бундан буён ҳар йили “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетига Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳамда Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик Кенгашига аъзо мамлакатлар фуқароларига магистратурада давлат гранти асосида таълим олиш учун 85 та ўрин ажратиб берилади.