Туркия билан Сурия чегарасида яна икки зилзила содир бўлди

Зилзила рўй берган Хатай вилояти маркази, 2023 йил 20 феврали

Туркия жанубидаги Хатай вилоятида 20 февраль куни 6,4 ва 5,8 балли иккита ер силкиниши кузатилди. Зилзила маркази Хатайнинг маъмурий маркази бўлмиш Антакия шаҳри четида бўлган.

Туркия Ички ишлар вазири Сулейман Сойлу ер силкиниши оқибатида 3 киши нобуд бўлгани, 213 киши тан жароҳати олганини маълум қилди.

Зилзила ортидан Сурия чегарасига яқин бўлган Хатай вилоятида электр таъминоти узилган, бир неча бино вайрон бўлган. Қутқарув ишлари давом этмоқда.

Расмийлар зилзила ҳудудидаги денгизга яқин жойларда яшовчи турғунларга соҳилдан йироқроқ туришни тавсия қилишган. У ерларда сув сатҳи 50 сантиметргача кўтарилиши мумкин.

Зилзила Сурия, Миср, Ливан ва Иордания ҳудудларида ҳам сезилган. “Ал-Жазира” хабарига кўра, зилзила ортидан Суриянинг Ҳалаб шаҳрида бир неча бино қулаган, вайроналар остида одамлар қолган бўлиши мумкин.

Душанба оқшомида ер силкиниши рўй берган ҳудудларда афтершоклар кузатилган.

Жорий йилнинг 6 февралига ўтар кечаси Туркия жануби-шарқи ва Сурия шимоли-ғарбида 7,8 ва 7,6 балли зилзилалар кузатилган ҳамда бунинг оқибатида 41 мингдан зиёд одам қурбон бўлган. Ер силкинишлари туфайли ўн минглаб одам уй-жойсиз қолган, касалхоналар, мактаблар ва кўп қаватли уйлар дохил минглаб бино қулаган. Зилзила ортидан Туркияда уч ойга фавқулодда ҳолат тартиби эълон қилинган.