Туркия чечен мухолифатчиларига суиқасдни тергов қилмоқда. Гумондорлардан бири - ўзбек

Туркия полицияси.

Туркия матбуотининг ёзишича, Истанбул шаҳрида сиёсий ва ҳарбий жосусликда айбланган олти нафар хорижлик ҳибсга олинди. Улардан бири ўзбекистонлик, яна бири украиналик, тўрт нафари эса Россия фуқаросидир.

Улар Туркияда яшаб келган чечен мухолифатчиларига қарши суиқасд ҳозирлашда гумон қилинмоқда.

Истанбул полицияси ва чечен диаспораси бу суиқасдларда рус ва чечен махфий хизматлари қўли борлигига ишора қилган.

"Қотиллик уриниши"

Истанбул полицияси Терроризмга қарши курашиш бошқармаси ва Туркия Миллий разведка ташкилоти 9 октябр куни жосусликда гумон қилинган олти нафар хорижликни ҳибсга олганини эълон қилди.

Бир кун ўтиб, гап Қодиров режими танқидчилари билан "муомала қилиш" ҳуқуқи берилган чеченлар ҳақида кетаётгани маълум бўлди.

Туркиялик терговчиларга кўра, улар Туркияда яшаб келган чечен мухолифатчиларига ҳужум уюштиришга тайёргарлик кўрган.

- Бир гуруҳ чет эллик Туркияда яшаётган мухолифатдаги чечен фаолларининг ҳаётига суиқасд ҳозирлаган ва шу мақсадда қурол-аслаҳа сотиб олишга киришган, дейилади терговчилар баёнотида.

Полиция хабарича, гумондорлардан учта овозсиз тўппонча ва ўқ-дорилар мусодара қилинган.

Хорижликлар ҳибсга олингани ҳақида прокуратурадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилган Hürriyet нашри уларнинг исмларини очиқлади. Булар-россиялик Абдулла Абдуллаев, Равшан Аҳмедов, Беслан Расаев, Асланбек Абдулмуслимов, украиналик Игорь Ефрим ҳамда ўзбекистонлик Амир Юсуповлардир.

Ҳозирча полиция ўзбекистон паспортига эга экани айтилаётган Амир Юсупов тўғрисида қўшимча маълумот бергани йўқ.

Туркиядаги исмини очиқламасликни сўраган Озодлик манбаси қотилликда гумонланаётганлар орасида ўзбекистонликларнинг пайдо бўлиши тасодиф эмас, дейди:

- Рамзан Қодиров 15 йилдан бери ўз юртдошларига қарши бутун дунёда ҳақиқий террор юритяпти. Бу систематик қотилликларга айланди. Туркияга келиш осон бўлгани учун кўплаб чечен қочқинлари шу ерга жойлашмоқда. Ваҳоланки, Туркия билан Кавказ халқлари илгаритдан яқин алоқаларга эга. Қотиллар гуруҳларида ўзбекларнинг пайдо бўлиб қолгани ҳам тасодиф эмас. кўп сонли ўзбекларнинг Туркиядаги мафия структуралари қотилликка мослашган чеченлар билан доимо алоқада. Ўзбеклар орасида осон пул топиш йўлига ўтганлар ҳам кам эмас. Бу, албатта тахминлар, натижалар терговдан кейин аниқ бўлса керак, - деди суҳбатдош.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарованинг маълум қилишича, Ташқи ишлар вазирлиги "Туркияда Россия паспортига эга бўлган чет элликларнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ вазиятни кузатиб бормоқда".

Қўйилган айблов бўйича улар 15 йилдан 20 йилгача қамалишлари мумкин.

Чеченлар Истанбулда кимларни изламоқда?

Айни пайтда Туркияга кўчиб ўтган чеченлар Чеченистон ҳукуматининг ҳаракатларини қоралаб келади. Бундан икки ой олдин Туркияда яшовчи чеченистонлик муҳожирлар Рамзан Қодиров ва Россия махсус хизматлари ҳужумларидан ўзларини ва ватандошларини ҳимоя қилиш мақсадида бирлашганликларини эълон қилишганди. Улар ўз ҳаракатларини махсус тузилган Телеграм-канал орқали мувофиқлаштириб келмоқда.

Туркиядаги чечен диаспораси вакиллари чеченистонлик мустақил блогер Ҳасан Халитовни ўлдиришга 300 минг АҚШ доллари, Суриядаги "Ажнад ал-Кавказ" чечен жиҳодчилари отряди командири Рустам Ажиевнинг ўлими учун эса бир неча миллион доллар беришга тайёр эканликлари тўғрисида маълумот борлигини айтишмоқда. Маҳаллий чеченлар Ажиевнинг ўлдирилишидан Россия махсус хизматлари ҳам манфаатдор эканлиги тўғрисидаги тахминларни ҳам илгари суришмоқда.

"Sabah" газетаси терговчилар ҳибсга олинган бу шахслар Россия фойдасига ишлаган, деган фикрда эканини ёзган.

Ҳасан Халитов Туркияда қўлга олинган тўрт нафар россияликнинг ҳаммаси ҳам Чеченистон ватандоши эканлиги ҳақидаги турк манбалари маълумотларини тасдиқлади.

"Мен ҳибсга олинган олти нафардан тўрттаси чеченлар эканини тасдиқлайман. Бу гуруҳ раҳбари Беслан Расаев. Биз улар ҳақида хабардор эдик, ҳозир эса Туркия прокуратураси бу маълумотларни тасдиқлади", - деди Халитов 21 октябр куни берган интервьюсида.

Аввалроқ Кавказ.Реалии таҳририяти маҳаллий чечен диаспораси вакилларидан олинган маълумотга таянган ҳолда қўлга олинганлар чеченистонлик блогер Ҳасан Халитов ҳамда "амир Абдулҳаким Шишони" номи билан танилган Суриядаги "Ажнад ал-Кавказ" чечен жиҳодчилари отряди командири Рустам Ажиевга суиқасд уринишида гумонланаётгани ҳақида хабар қилган.

Сентябр ойи бошида улар Истанбулда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров тарафдорига қилинган ҳужумда иштирок этганликда гумон қилишган эди.

Кейинроқ Чеченистон расмийлари томонидан қўллаб-қувватланган Қодировнинг калтакланган тарафдори қариндошлари Халитовга қон даъвосини эълон қилишди.

Бу воқеалардан олдинроқ, жорий йилнинг йюн ойида, бизнесмен ва блогер Ҳасан Халитов “қодировчилар” томонидан Россия президенти Владимир Путинни эфирда ҳақорат қилган грузин телебошловчиси Георгий Габуния билан ҳамкорлик қилганликда айбланган эди. Ҳалитов Кавказ.Реалии сайти журналистларига грузин махсус хизматларидан уни ўлдиришга Тбилисига махсус қотил юборилгани маълум қилгани ва у Туркияга кетишга мажбур бўлганини айтиб берган эди.

Чечен мухолифатининг 1АДАТ телеграм канали қўлга олинган гуруҳ америкалик журналист Пол Хлебников ва Ичкериянинг собиқ вице-премьери Ян Сергунин қотиллари билан ҳамкорлик қилиб келганини иддао қилди.

Рамзан Қодировнинг танқидчилари ҳаёти хавф остида

2016 йилда Туркияда қотилликда гумон қилиниб, россиялик Юрий Анисимов ва Александр Смирнов ҳибсга олинган ва кейинчалик судланган эди. Маҳаллий суд ҳукмига кўра, улар мамлакат ҳудудида Рамзан Қодиров ҳукуматига мухолифатда бўлган 7 нафар чечен қочқинини ўлдиришда иштирок этганликда айбдор деб топилганди.

Турк полицияси айбланувчилар Россия махсус хизмати ходимлари эканини тахмин қилмоқда. Турк махсус хизматлари айбланувчилар Россияга қўшиб олинган Қримда ҳибсга олинган Қрим-татар Миллий Мажлисининг раисларига алмаштирилган, деган фикрда.

Сўнгги икки йил ичида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва унинг атрофидагиларни танқид қилганларга қарши бир неча бор қуролли ҳужумлар уюштирилган.

2009 йилдан буён Европанинг турли мамлакатларида (Германия, Франция, Австрия, Украина) олти чечен қочқини - Умар Исроилов, Тимур Махаури, Амина Окуева, Зелимхон Хангошвили, Имрон Алиев ва Мамихан Умаровлар ўлдирилган. Ҳозирча фақат Исроилов ва Умаров иши бўйича айбдорларга ҳукм ўқилди, Хангошвили иши бўйича суд жараёни давом этмоқда. Бу қотилликлар буюртмачилари исмлари тергов томонидан сир тутилмоқда.

Bellingcat суриштирув журналистлари гуруҳи собиқ чечен бўлгинчи қўмондони Зелимхон Хангошвилини Берлинда ўлдиришни Россия Федерал Хавфсизлик хизмати (ФХХ) режалаштириб, амалга оширган, деган хулосага келган.

Финляндия Марказий жиноий полицияси 2020 йил октябр ойида шу мамлакатда яшовчи чечен блогери Муса Ломаевнинг ҳаётига суиқасд тайёрланаётгани устидан тергов-суриштирув олиб бошлаганди.

2020 йилнинг февралида мухолифатчи блогер Тумсо Абдураҳмоновга ҳужум уюштирилди. Ҳужумчи ва унинг шериги узоқ муддатга ҳукм қилинди. Суд Чеченистон расмийлари билан бевосита алоқадорлигини исботлай олмади.

Австрия ҳуқуқ-тартибот идоралари шу йилнинг июнь ойида Рамзан Қодировни танқид қилгани билан танилган блогер Саид-Хусейн Магомадовга қилинган суиқасдга уринишни текширмоқда.