Ўтган ҳафта мисли кўрилмаган даражада қадрсизланган турк лираси душанба куни долларга нисбатан яна 7 фоизга арзонлади.
Хўш, нима сабабдан иқтисодий динамикаси ва қулай географик жойлашуви олқишланиб келинган давлат миллий валютаси бундай муаммога дучор бўлди?
Ушбу муаммо келиб чиқишида мамлакат иқтисодини 15 йиллик ҳукмронлиги давомида тубдан ўзгартирганини иддао қилиб келаётган Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон ҳукуматининг роли қандай?
Лира нима учун қадрсизланаяпти?
Турк лираси энг ёмон натижа кўрсатаётган йирик валюталардан бирига айланди. Ўтган йилга солиштирганда, ушбу валюта 40 фоизга қадрсизланди. Беш йил олдинги курслар эса лира қанчалик тез суратда қадрсизланганини кўрсатади: беш йил олдин бир доллар 2 лирага тенг бўлган бўлса, душанба куни бир доллар 6,9 лирага сотилди.
Туркия валютаси заифлигининг бир неча сабаби бор. Кейинги ҳафталарда Туркия ва АҚШ ўртасидаги тортишувлар барчанинг эътиборини ўзига қаратди. АҚШ Давлат департаменти Туркия шимолий каролиналик пасторни қўлга олгани учун мамлакатга қарши санкцияларни жорий қилди. Бу ҳолат биржа бозорларини хавотирга солди. Ўтган ҳафтада ушбу масалани ҳал қилиш учун Вашингтонда ўтказилган музокаралар самарасиз якунланди.
Америкалик пастор лира муаммоларининг ягона сабабчисими?
Йўқ. Туркияда миллий валюта қадрсизланишига олиб келган бошқа сабаблар ҳам бор.
Мамлакат асосан қисқа муддатли хориж сармояларига таянган ҳолда ривожланиб келади. Бунинг сабабларидан бири сармоячиларнинг Туркия ва бошқа ривожланаётган иқтисодларда кўпроқ даромад излашига туртки бўлган АҚШ ва Европа давлатларининг пул сиёсатидир.
Айрим таҳлилчилар Туркия ривожланган иқтисодлар томонидан ўз активлари йирик миқдорда сотиб олинишидан фойдаланиб келаётганини айтиб келади. Аммо Европа ва АҚШда пул-кредит сиёсати ўзгарар экан, Туркия ўзига керак бўлган жамғармаларни осонликча қўлга кирита олмаяпти.
Бу маблағлар кўлами эса жуда катта.
ABN ҳисоботида инвесторлар Туркия ташқи манбаларда кўзланган 218 миллиард доллар капитални топа олмаслигидан хавотирда эканлиги айтилади. Бу маблағлар турк ширкатларининг хориж валютасидаги қарзини ҳамда мамлакатнинг йирик жорий ҳисоб баланси дефицитини қоплаш учун керак.
Сармоячилар нима қилиниши керак деган ўйда?
Қатор инвесторлар Туркия ҳукуматини мамлакатдаги истеъмол кўламини озайтириб, қурилишга таянган иқтисодини секинлатишга чорлаб келади.
Уларга кўра, солиқларни ошириш ҳамда харажатларни озайтириш ҳисоб баланси дефицитини озайтириши мумкин. Ҳозирги кунда бу кўрсаткич ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизидан кўпроқ. Туркия ҳукумати инвесторлар айтгандек иш тутса, мамлакатнинг хорижий капиталга бўлган қарамлиги озаяди. Иқтисодни секинлатиш эса инфляцияни секинлатиши мумкин. Ҳозирда мамалакатда инфляция 15 фоизга тенг.
Банк фоиз ставкаларини ошириш эса инфляцияга қарши курашишга кўмаклашиши ёки лира қадрсизланишини тўхтатиши мумкин. Доллар ва еврода қарз олган турк ширкатлари учун бундай ҳолат қўл келади¸ холос.
Марказий банк маълумотларига кўра, Туркиянинг молиявий бўлмаган ширкатларининг хориж валютасидаги мажбуриятлари уларнинг хориж валютасидаги активларидан 200 миллиард долларга кўп. Кейинги 12 ой ичида молиявий бўлмаган хусусий тизимлар хорижий валютада 66 миллиард доллар қарзни тўлаши ёки кечиктириши керак бўлади. Туркия банклари учун эса бу кўрсаткич 76 миллиард долларга тенг.
Эрдоғўн бу фикрларга қўшиладими?
Бугунга қадар Туркия президенти иқтисодни “қайта баланслаш” кераклигига ишонмай келади.
Унинг ҳукумати айрим чораларни кўрди. Аммо президент 2016 йилги тўнтариш уринишидан кейин иқтисодни секинлатишга ёки фоиз ставкаларини оширишга ошиқмай келади. Президент юқори фоиз ставкаларини “барча ёвузликнинг ота-онаси” дея қоралаб келади.
Туркия авторитаризм қаърига тушиб бораётганининг ҳозирги таназзулга таъсири борми?
Эрдоғўн мувафаққиятсиз якунланган тўнтариш уриниши ортидан кескин чораларни кўра бошлади. Ўтган йили ўтказилган референдумда у ўз ваколатларини оширди.
Лиранинг кейинги йилдаги аҳволи инвесторлар бу ўзгаришлардан мамнун эмаслигини кўрсатади.