Туркия Қирғизистоннинг қарийб 60 млн долларлик қарзидан кечди

Қирғизистон ва Туркия байроқлари (иллюстратив сурат)

Анқара Қирғизистоннинг Туркиядан олинган қарзини кечиб юборган. Бу ҳақда 5 ноябрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан ўтказилган қўшма матбуот анжумани чоғида билдирган.

Жапаров Эрдўғон билан ўтказилган музокаралар натижаларига кўра соғлиқни сақлаш, энергетика, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш, шунингдек, хавфсизлик ва маданият соҳаларида қатор шартномалар имзоланганини ҳам маълум қилган.

Ишонч билан айтишим мумкинки, бу давлат ташрифи Қирғизистон-Туркия алоқалари тарихида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берган муҳим воқеа бўлди”, деган Садир Жапаров.

Қирғизистон президенти маъмуриятининг ахборот сиёсати бўлими мудири Дайирбек Ўрунбеков кейинроқ “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида Қирғизистоннинг Туркия олдида 58,8 миллион доллар миқдорида қарзи қолгани ва бу қарздан “яшил иқтисодиёт” лойиҳаларини амалга ошириш эвазига кечиб юборилгани ҳақида ёзди.

Эрдўғон Қирғизистонга давлат ташрифи билан 4 ноябрь оқшомида етиб келган. 5 ноябрь куни Қирғизистон президенти маъмуриятида тор ва кенгайтирилган таркибда учрашувлар бўлиб ўтган, бу учрашувлар якунида эса қўшма баёнот қабул қилинган.

Эрдўғон 6 ноябрь куни Бишкекда ўтказиладиган Турк давлатлари ташкилоти XI саммитида ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Мазкур саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров ривожланаётган мамлакатларга иқлим ўзгаришига қарши курашда ёрдам бериш учун “яшил иқтисодиёт” эвазига қарздан кечиш механизмидан фойдаланиш таклифи билан халқаро молия ташкилотлари ва давлатларга бир неча бор мурожаат қилган эди.