Туркия расмийлари Telegram’ни блоклаш билан таҳдид қилишмоқда

Туркия Ахборот технологиялари ва коммуникациялар бошқармаси, агар Telegram расмийлар талабларини эътиборсиз қолдиришда давом этса, мамлакат ҳудудида бу мессенжерни блоклаб қўйиш билан таҳдид қилди. Daily Sabah нашри хабарига кўра, турк расмийлари Telegram’даги ноқонуний контент бўйича минглаб талабномалар йўллашган.

Расмийлар мессенжердан наркотик савдоси, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик, фоҳишалик, қиморга алоқадор каналлар маъмурлари ва иштирокчилари ҳақидаги маълумотларни очиқлашни талаб қилишмоқда. Иддаога кўра, регулятор бу борада мессенжерга мингдан зиёд хат йўллаган, лекин уларнинг биронтасига ҳам жавоб олмаган.

Telegram вакиллари турк расмийларининг бу таҳдид юзасидан ҳозирча бирор изоҳ берган эмас. Daily Sabah регулятор ва полициянинг хатлари мессенжернинг Англиядаги офисига йўллангани ҳақида ёзган. Нашр мессенжер Британиядаги ўз офисини ёпгани, айни пайтда унинг қароргоҳи Бирлашган Араб Амирликларида эканини эслатган.

Аввалроқ Туркия транспорт ва инфраструктура вазири Абдулқодир Уралўғли мамлакатда Instagram тармоғига киришга қўйилган чеклов бекор қилингани ҳақида билдирган эди.

Вазирга кўра, бундай қарор Instagram вакиллари турк расмийларининг талабларини бажариш ва “фойдаланувчиларга нисбатан цензура устида биргаликда ишлаш”га, айниқса, “каталог жиноятлари” соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни бартараф қилишга ваъда берганларидан кейин қабул қилинган. “Каталог жиноятлар” дейилганда Туркия Жиноят кодексидаги жамоат тартиби ва хавфсизлигининг бузилишига алоқадор жиноятлар назарда тутилади. Уюшган жиноятчилик, қотиллик, одам савдоси, жинсий зўравонлик, қийноқ, гиёҳванд моддалар савдосидан ташқари каталогда митингларда қатнашганликка оид моддалар ҳам мавжуд.

Туркияда Instagram тармоғи 2 август куни блокировка қилинган эди. Бу оддий фойдаланувчилар ва кичик бизнес вакилларининг норозилигига сабаб бўлди.

Туркия матбуоти тахминича, Instagram блокировкаси ижтимоий тармоқ масъуллари томонидан ҲАМАС (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган) сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг Эронда ўлдирилиши ортидан пайдо бўлган таъзия постлари блокировка қилинганига жавобан амалга оширилган. Ўшанда Туркия президенти маъмуриятининг коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Фахреттин Алтун бу постларнинг ўчирилишини цензура деб атаган эди.

Statist сервиси маълумотига кўра, Туркия 57 миллионлик фойдаланувчиси билан Instagram фойдаланувчилари сони бўйича Ҳиндистон, АҚШ, Бразилия ва Индонезиядан кейин дунёда бешинчи ўринни эгаллаб келади.