Туркия махсус хизматлари “Крокус Сити Холл”даги ҳужумдан кейин ҳозирланаётган иккинчи теракт ҳақида Россияни огоҳлантирган. Бу ҳақда Туркиянинг Hurriyet нашри хабар қилди.
Нашр қайдича, террорчилар одам тўла бўлган савдо марказига ҳужум қилишни режалаштириб юришган. Hurriyet хабарига кўра, бу маълумот “Ислом давлати” террор гуруҳининг Афғонистондаги бўлинмаси бўлган “Вилояти Хуросон”нинг аввалроқ Туркияда қўлга олинган беш нафар аъзосидан олинган. Мазкур гуруҳ шу йил 22 мартида Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо марказида содир этилган теракт учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.
Газетанинг ёзишича, “Вилояти Хуросон” фаолиятини узоқ вақтдан бери кузатиб юрган Туркия махсус хизматлари жорий йил январида Истанбулдаги Санта-Мария черковига ҳужумдан сўнг қатор шахсларни сўроқ қилишган ва Россия томони билан алоқа ўрнатишган. Hurriyet бунга оид бошқа тафсилотларни келтирган эмас.
Аввалроқ “Крокус Сити Холл”га ҳужум иши бўйича қўлга олинган икки тожикистонлик Туркияга сафар қилгани ҳақида хабар қилинган эди. Россиядаги теракт ортидан турк расмийлари ИДнинг муҳтамал тарафдорларига қарши бир неча амалиёт ўтказишган, бунинг натижасида 200 чоғли одам қўлга олинган.
Жорий йилнинг 22 март куни автоматлар билан қуролланган бир неча киши “Пикник” рок гуруҳи концерти бўлиб ўтиши керак бўлган “Крокус” концерт залига бостириб кириб, йиғилган томошабинларни ўққа тутган эди. Кейинроқ ҳужумчилар залга ўт қўйишган, аланга қамрови кенгайгани ортидан бино томи қулаб тушган. Ҳодиса чоғида, сўнгги маълумотларга кўра, 144 киши ҳалок бўлган.
Ҳужум учун масъулиятни террор гуруҳи ўлароқ тан олинган “Ислом давлати” ўз зиммасига олган. Теракт айнан шу гуруҳ вакиллари томонидан ташкил этилганига АҚШ ва Ғарбдаги бошқа мамлакатлар ҳам амин. Россия томони теракт ижрочилари ортидан Украина турган бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда. Киев барча айбловларни қатъиян рад этиб келади.
“Крокус”га ҳужумдан олдинроқ АҚШ дохил Ғарбдаги бир неча мамлакат махсус хизматлари россиялик расмийларни мамлакат ҳудудида терактлар содир этилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришган. Ўша пайтда Владимир Путин бу маълумотни “шантаж” деб атаб, бу билан Россия жамиятини “беқарорлаштириш ва қўрқитиб қўйиш” исталаётганини иддао қилган эди.