Туркия президентлигига сайловда номзодлардан бирортаси 50 фоиз овоз ололмади

Якшанба куни Туркияда ўтган президентлик сайловида номзодлардан ҳеч бири биринчи турда ғолиб чиқиш учун етарли бўладиган 50 фоиз овозни ололмади. Шу вақтгача овозларнинг 98,22 фоизи санаб бўлинди. Қолган 2 фоиздан озроқ овозлар санаб бўлингач вазият ўзгармаса, унда ғолиб сайловнинг 28 майда ўтадиган иккинчи турида аниқланади.

Сўнгги натижаларга қараганда, мамлакатда 20 йилдан бери ҳокимият тепасида турган амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон сайловчиларнинг 49,34 фоиз овозига эга бўлди. Унинг асосий рақиби 74 ёшли собиқ давлат хизматчиси Камол Қиличдорўғли 45 фоиз овоз олди.

Таҳлилчилар фикрича, 69 ёшли Эрдўғон сайловда енгса, Туркия автократик давлатга айланиш хавфи остида қолади.

Сайловлар тобора авторитар тус олаётган Эрдўғон ҳукуматини бошқарувдан четлатиши ёки учинчи ўн йилликка йўл очиши мумкин.

Туркиялик сайловчилар 14 май куни парламент учун ҳам овоз берди. Парламентдаги ўринлар учун асосий кураш Эрдўғоннинг консерватив исломий АК партияси ҳамда олти мухолиф партия иттифоқидан ташкил топган Қиличдорўғлининг Миллат иттифоқи партияси ўртасида борди. Парламентдаги 600 ўрин учун 24 та сиёсий партия курашмоқда.