Туркия сайлови: президентликка номзод Муҳаррем Инже сайлов пойгасидан чиқди

Муҳаррем Инже (архив сурати)

Туркия президенти лавозимига номзод ва "Мемлекет" партияси лидери Муҳаррем Инже 14 май куни бўлиб ўтажак президент сайловидан иштирок этмаслигини очиқлади. Бу ҳақда Туркиянинг Anadolu агентлиги хабар қилди.

Инже мазкур қадамини сайлов кампанияси чоғида ўзига қарши ёғдирилган компроматлар билан изоҳлади. Сиёсатчи ўтган 45 кун ичида унинг номини булғашга йўналтирилган "фейк" фотосуратлар тарқатилгани, ҳуқуқ-тартибот идоралари эса бунинг текширишга киришмаганини билдирди. "Мемлекет" партияси лидери давлат уни бир фуқаро ва Туркия президенти лавозимига номзод шахс сифатида обрў-эътиборини ҳимоя қилолмаганини урғулади.

Айни пайтда Инже, "Немис тўлқини" хабарига кўра, президентлик пойгасида иштирок этаётган номзодларнинг қайси бири фойдасига ўз номзодини олиб ташлаётганини ҳам айтмаган. У туркиялик сайловчиларни 14 май куни президент сайлови билан параллел равишда бўлиб ўтадиган парламент сайловида ўз партияси учун овоз беришга чақирган.

2018 йилдаги президент сайловида Ражаб Тоййиб Эрдўғонга ютқазган Муҳаррем Инже ўз рақиблари томонидан ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясининг (AKP) "гумашта"си ўлароқ айбланган, унинг асосий вазифаси эса мухолифатдаги олтита партия биргаликда кўрсатган номзод Кемал Қиличдарўғлуга берилажак овозларни "ўғирлаш" эканини иддао қилинаётган эди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва таҳлилчилар Инже ҳукмрон партия ва унинг лидери Эрдўғонни танқид қилиш ўрнига кўпроқ мухолифат номзоди Қиличдарўғлуни танқид қилиш билан банд бўлганига эътибор қаратишган. Дейлик, у ҳам бирлашган мухолифат номзодини ҳукмрон партия вакиллари каби Туркияда террорчи ўлароқ қаралган Фетҳуллаҳ Гулен ҳаракати (FETO) ва Курдистон ишчи партияси (PKK) дастагини олаётганлигини иддао қилган.

Туркияда президент сайлови келаётган якшанба (14 май) куни бўлиб ўтади. Унда давлат раҳбари курсиси учун амалдаги президент Эрдўғон, бирлашган мухолифат вакили Қиличдарўғлу ҳамда “АТА” иттифоқи номзоди Синан Оган беллашишади. Номзодларнинг ҳеч бири сайловчиларнинг 50 фоиз овозини йиғолмаган тақдирда, 28 май куни сайловнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади.