Туркия ва Сурияда 20 февраль куни 6,4 ва 5,8 балл кучланишда юз берган иккита зилзила оқибатида камида 4 киши ҳалок бўлди ва 800 киши жароҳатланди.
Дастлабки хабарларда уч киши ўлгани ва камида 200 киши жароҳатлангани тўғрисида билдирилган эди.
Сўнгги хабарларда айтилишича, зилзила эпицентри Туркиянинг Хатай вилояти маркази Антакья шаҳри яқинида бўлган. Хатайда электр таъминоти узилиб қолди, бир нечта бино вайрон бўлди. Вайроналар остида қолганларни топиш ва қутқариш ишлари олиб борилмоқда.
Зилзила кучи Миср, Ливан ва Иорданияда ҳам сезилган. “Ал Жазира” телеканалининг хабар беришича, Суриянинг Ҳалаб шаҳрида зилзила оқибатида бир нечта уй вайрон бўлган. Вайронлар остида одамлар қолган.
Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинг марказининг маълум қилишича, зилзила пайтида Ҳалаб, Тартус ва Хама шаҳарларида юз берган ваҳимали талотумда камида 4 киши одамларнинг оёқлари остида ҳалок бўлган.
Сейсмологларнинг билдиришича, ер қимирлаши яна такрорланиши мумкин.
Жорий йилнинг 6 февралига ўтар кечаси Туркия жануби-шарқи ва Сурия шимоли-ғарбида 7,8 ва 7,6 балли зилзилалар кузатилган ҳамда бунинг оқибатида 41 мингдан зиёд одам қурбон бўлган. Ер силкинишлари туфайли ўн минглаб одам уй-жойсиз қолган, касалхоналар, мактаблар ва кўп қаватли уйлар дохил минглаб бино қулаган. Зилзила ортидан Туркияда уч ойга фавқулодда ҳолат тартиби эълон қилинган.