Turkish Airlines ширкатининг ўқув маркази Россия учувчиларини парвоз имитацияси тренажёрларида малакасини оширишдан воз кечди. The Insider нашрига бу маълумотни Россия авиаширкатларидан бири тасдиқлади.
Хабарда айтилишича, Turkish Airlines авиаширкатга жўнатган расмий маълумотда бундай қарор “Парвозлар хавфсизлиги бўйича Европа агентлиги санкцияларни кучайтиргани” муносабати билан қабул қилинган.
The Insider бу хабар ортидан қатор экспертлардан фикр олди. Экспертларга кўра, Turkish Airlines ортидан бошқа ўқув марказлари ҳам мана шундай қарорларни қабул қилиши эҳтимол.
Кўпчилик экспертлар парвоз имитацияси тренажёрларида малака оширилишининг тўхтатилиши оқибатида Россияда парвозлар хавфсизлиги, айниқса, олис масофага учувчи Boeing B777 ва Airbus A350 самолётларида, савол остида қолиши мумкинлигини айтмоқда.
Шунингдек, Туркиядаги энг йирик Iş Bankası Россиянинг “Мир” тўлов тизими билан ишлашни вақтинча тўхтатганини билдирди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ёзди. РИА “Новости” DenizBank ҳам “Мир” карталари билан ишлашни тўхтатгани тўғрисида хабар берди.
Агентликларнинг билдиришича, ижтимоий тармоқларда Туркиянинг қатор меҳмонхоналари ҳам “Мир” картасини қабул қилишдан бош тортаётганлари тўғрисида маълумотлар пайдо бўлмоқда. Россия туроператорлари ассоциацияси Туркияга бормоқчи бўлган туристларга ўзлари билан нақд пул олиб боришни тавсия этмоқда.
Яқин орада Туркиянинг Vakıfbank, Ziraat Bank, Iş Bank и Halkbankлари ҳам “Мир” тўлов тизими билан ишлашни тўхтатиши кутилмоқда.