Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан музокаралар ортидан 9 июнь куни Анқарада ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон учрашув чоғида “ФЕТО [Фатҳуллоҳ Гулен ҳаракати - таҳр] дохил террор ташкилотларига қарши кураш ҳамда минтақадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилган”ини билдирди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.
“Биз қийматли қардошим билан ФЕТО ҳар икки мамлакат миллий хавфсизлиги учун таҳдид туғдириши юзасидан ҳамфикрмиз. Сўнгги сиёсий муаммолар ФЕТОнинг “юз”и қора, қонли ва манфур эканини фош қилди. Худо хоҳласа, бир-биримизни дастаклаган ҳолда биргаликда буни енгамиз. Мен ҳурматли президентни Туркия қирғиз халқи ва мамлакат расмийларини дастаклашига яна бир бор ишонтирдим. Сиёсий барқарор сари қўйилган ҳар бир қадамда Қирғизистоннинг ёнидамиз”, деган Туркия президенти.
Расмий Анқара 2016 йил 15 июлида содир этилган давлат тўнтаришига уриниш ортида АҚШда яшайдиган руҳоний Фатҳуллоҳ Гулен ва унинг “Хизмет” ташкилоти турганини иддао қилиб келади. Туркия расмийлари бу ташкилотни ФЕТО деб атаб, уни террор ташкилоти деб ҳисоблайди. Муваффақиятсизлик билан якунланган тўнтариш уринишидан кейин мазкур ҳаракатнинг минглаб аъзоси қўлга олинган, аммо Гуленнинг ўзи ва унинг тарафдорлари давлат тўнтаришига алоқалари борлигини рад этиб келишади.
Туркия расмийлари аввал бир неча бор Қирғизистондаги “Сапат” (олдинги номи “Себат”) таълим муассасалари тармоғи ҳам ўз вақтида Гулен ҳаракати вакиллари томонидан таъсис этилганини айтиб, бу тармоқ фаолиятига чек қўйишни талаб қилишган. Бироқ расмий Бишкек мазкур лицейлар ҳеч қанақа хавф туғдирмаслигини билдириб, Анқаранинг бу талабини рад этган.