Туркиядаги зилзила оқибатида ҳалок бўлган икки нафар ўзбекистонликнинг жасади ватанига юборилди, деб хабар берди Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси.
Андижонлик 56 ёшли У. Ҳ.,нинг жасади Ҳатайдаги, наманганлик 40 ёшли Н. М.,нинг жасади Каҳраманмарашдаги вайроналар остидан топилган. Уларнинг жасадлари 11 февраль куни Ўзбекистонга юборилган.
Бош консулхонанинг билдиришича, 10 февралда Адана шаҳридан 2 ўзбекистонлик, 11 февралда Малатя шаҳридан бир оиланинг 5 аъзоси, Газиантеп шаҳридан бир ўзбекистонлик Тошкентга эвакуация қилинди.
Бундан аввал Малатья шаҳрида бир ўзбекистонлик жасади топилгани билдирилган. 8 февраль куни Хатай, Қаҳрамонмараш ва Малатядаги вайроналар остидан ўзбекистонлик бир аёл ва икки эркак топилгани, улар касалхонага ётқизилгани хабар қилинган эди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг билдиришича, 6 февралда Туркия ва Сурияда юз берган ер қимирлаши оқибатида жами 26 миллион киши жабрланди. Ташкилотнинг шанба куни маълум қилишича, ҳар икки давлатда камида 28 мингдан кўпроқ киши ҳалок бўлган.
ЖССТ табиий офатдан жабрланганларга ўта зарур ёрдамларни уюштириш учун тез орада 42, 8 миллион доллар ажратишга чақирди.
ЖССТ маълумотларига қараганда, Туркияда зилзиладан зарар кўрган камида 15 миллион киши, Сурияда 11 миллионга яқин киши ёрдамга муҳтож.
Туркиядаги зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 24 617 кишига етгани тўғрисида шанба оқшомида Туркия бош вазири ўринбосари Фуат Ўқтай маълум қилган. Якшанба кунги маълумотда эса, ҳалок бўлганлар сони 29,5 мингга етгани айтилди. AFPнинг хабар беришича, Сурияда 3 553 минг кишининг жасади топилган.Al Jazeera телеканали эса 4,5 минг киши деган рақамни келтирмоқда.