Туркиянинг зилзила содир бўлган ҳудудида 13 нафар ўзбекистонликни қидириш ишлари давом этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси маълумот тарқатди.
Дипломатларга кўра, даставвал зилзила ҳудудида бўлган 15 нафар ўзбекистонлик фуқаро қидирилаётган эди, улардан икки нафари билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлинган.
Хабарномада ер силкинишлари кузатилган ҳудуддан 17 нафар ўзбекистонлик олиб чиқилиб, уларнинг Истанбулга келишига кўмак берилгани қайд этилган.
Аввалроқ МОҚ Қаҳрамонмараш шаҳридаги халқаро мусобақада иштирок этган 13 нафар ўзбекистонлик ёш курашчи зилзила марказидан олиб чиқиб кетилганини маълум қилган эди. ТИВ томонидан 7 февраль куни тарқатилган маълумотда эса зилзила ҳудудида ўзбекистонлик бир фуқаро ҳалок бўлгани, яна 4 нафари бедарак йўқолгани айтилганди.
Зилзила ортидан Туркияга етиб борган Ўзбекистон ФВВ вакиллари 7 февраль куни Хатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлаганлар. 10 минг нафардан ортиқ этник ўзбек истиқомат қилаётган бу ҳудудда ўзбекистонлик қутқарувчилар чоршанба куни ҳам ўз фаолиятларини давом эттиришмоқда.
Вазирлик 8 февраль соат 8:00 га қадар 132 квадрат метр майдонда 430 метр куб вайроналарни тозалаш ишлари бажарилган, натижалари турли даражада тан жароҳатлари олган 9 киши қутқарилгани, шунингдек, 12 нафар қурбоннинг жасади вайроналар остидан олиб чиқилганини маълум қилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Туркиядаги зилзила қурбонлари сони 5 минг 894 нафарга, жароҳатланганлар сони 34 минг 810 нафар етган.