Туркияда 6 февраль куни юз берган зилзила ортидан 47 475 киши ҳалок бўлди. Улардан 7 нафари Ўзбекистон ватандошидир. Бу ҳақда Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олган Бекар маълум қилди.
Элчининг билдиришича, юз кишидан иборат бўлган ўзбекистонлик қутқарувчилар гуруҳи 6 февралдан 25 февралгача Ҳатай вилоятида 18 кишини вайроналар остидан тирик олиб чиққан ва 190 кишининг жасадини топган.
8 февраль куни Ҳатайга етиб борган 71 кишилик ўзбек шифокорлари гуруҳи дала госпитали ўрнатиб, деярли тўрт минг кишига тиббий ёрдам кўрсатган.
Олган Бекарнинг айтишича, бугунгача Ўзбекистондан Туркияга 674 тонна гуманитар ёрдам ва 644 минг доллар нақд пул етиб борган.
Жорий йилнинг 6 февраль Туркия жануби-шарқида, расмий маълумотларга кўра, 7,7 ва 7,6 балли зилзила юз берган эди. Бунинг ортидан 10 та вилоятда қурбонлар бўлган ва минглаб уйлар вайронага айланган.