Туркиядаги чечен диаспораси вакиллари аввалроқ турк полицияси томонидан қўлга олинган одам Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров танқидчиларининг ўлдиртирилишига алоқадор бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар. Бу ҳақда Озодликнинг Шимолий Кавказ хизмати чечен мухолифатчи блогери Ҳасан Холидовга таянган ҳолда хабар қилди.
Чечен диаспораси вакилига кўра, қўлга олинган шахснинг исми Беслан, иккинчи исми эса Изнаур. Аввалроқ у ҳақида чеченларнинг Security Turkey телеграм-канали ёзиб чиққан. Ушбу канал Туркиядаги чечен муҳожирлари тарафидан “қодировчилар” ва Россия махсус хизматларидан ҳимояланиш мақсадида ташкил қилинган. Холидовнинг айтишича, у Беслан билан Грузияда ёлланма қотилликда айбланиб, ҳибсга олинган Васанбек Боков орқали танишган.
Холидовнинг таъкидлашича, Туркияда қўлга олинган шахс у ҳақидаги маълумотлар учун пул таклиф қилган бўлиб, Чеенистон ҳукумати билан алоқаси бор. Ушбу маълумотни “Кавказ.Реалии”нинг Истанбулда яшовчи чеченларга яқин манбаси тасдиқлаган.
Туркия махсус хизматлари воқеа юзасидан изоҳ берганича йўқ. Холидов унинг боши учун киллерга 300 минг доллар ваъда қилишганини айтган ва турк полицияси билан ҳамкорлик қилишга розилик билдирган.
Истанбул полициясининг терроризмга қарши кураш бошқармаси ва Туркия Миллий истиҳборат ташкилоти 9 октябрь куни жосусликда гумон қилинаётган олти нафар ажнабийни қўлга олган. Улардан бири Россия фуқаросидир. Улардан қурол ва ўқ-дори, жумладан тўппонча, лазерли нишонлагич ва шовқинсиз отиш қурилмаси билан бирга мусодара қилинган.
Сентябрь ойи охирларида Туркияда яшаётган чечен мухолифатчи блогери Ҳасан Холидов Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни унинг оиласига нисбатан кучишлатар идоралар ходими Аҳмад Арсанукаев оиласи томонидан қонли қасос эълон қилинишини уюштирганликда айблаган.