Туркияда Instagram тармоғи блокировка қилинди

Иллюстратив сурат

Туркияда Instagram ижтимоий тармоғига киришга чеклов жорий қилинган. Бунга оид қарор, Hurriyet нашрининг ёзишича, Технологиялар ва коммуникациялар кенгаши қабул қилган. Маҳаллий регулятор блокировка сабаблари ёки тақиқнинг қанча давом этишини очиқлаган эмас.

Турк матбуотининг ёзишича, бундай қарор Туркия президенти маъмуриятининг коммуникациялар бўйича директори Фаҳреттин Алтун куни кеча Эронда ўлдирилган ҲАМАС экстремистик гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ўлими юзасидан таъзия постларини блокировка қилган Instagram тармоғини танқид қилгани ортидан қабул қилинган бўлиши мумкин.

“Бу жуда аниқ ва очиқ цензура уринишидир. Биз глобал эксплуататорлик тартиби ва адолатсизликка хизмат қилишини бир неча бор кўрсатган бу платформаларга қарши сўз эркинлигини ҳимоя қилишда давом этамиз. Биз фаластинлик ака-укаларимиз ва опа-сингилларимизни имкон туғилган ҳар лаҳзада ва ҳар қанақа платформада дастаклайверамиз”, деб ёзган Фаҳреттин Алтун.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон аввалроқ фаластинликларга ёрдам бериш учун Туркия “Ливия ва Қорабоққа киргани каби” Исроилга ҳам кириши мумкинлигини билдирган.

“Биз жуда кучли бўлишимиз керакки, бу Исроил Фаластин билан бундай бўлмағур ишларни амалга ошира олмасин. Биз Қорабоққа қандай кирган бўлсак, Ливияга қандай кирган бўлсак, бунга ўхшашини уларга қарши ҳам айнан амалга оширишимиз мумкин”, дея урғулаган Эрдўғон “бу ишни қилмаслик учун ҳеч қандай сабаб йўқ”лигини қайд этган.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Эрдўғоннинг Исроилга қўшин кириш таҳдидига жавобан уни 2006 йилда қатл этилган Саддам Ҳусайнга менгзатган.