Сўнгги бир неча ҳафта ичида Туркияда ҳуқуқ-тартибот идоралари корхона ва ташкилотларда кенг кўламли рейдлар ўтказишиб, минглаб ноқонуний муҳожирларни қўлга олишган.
“Ahaber” телеканали хабарига кўра, сўнгги ойда турк полицияси томонидан мамлакатда ноқонуний равишда юрган мигрантларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича рейдлар сони кўпайган. Мазкур рейдлар асосан Истанбул шаҳри ва туристик ҳудудларда ўтказилган.
“Кейинги икки кун ичида ўтказилган рейдлар натижасида 18 нафар мигрант ушланди. Сўнгги ойда эса 15 мингдан зиёд ноқонуний муҳожир қўлга олинди ва уларнинг 6 минг нафардан зиёди депортация қилинган. Яна 9 минг чоғли мигрантни депортация қилиш бўйича расмий жараён давом этмоқда”, дейилган хабарда.
Туркияда чет элликларга қарши чораларнинг кучайтирилиши мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг туркияликлар тез ортада “ноқонуний мигрантлар масаласида сезиларли ўзгаришларни ҳис этишлари”га оид баёноти ортидан кузатилмоқда. Бу ҳақда Эрдўғон ўтган ҳафтада Литвада ўтказилган НАТО саммитидан қайтиш чоғида билдирган эди.
Истанбулда ноқонуний яшаб юрган туркманистонликлардан тўрт нафари Озодликнинг туркман хизмати билан суҳбат чоғида сўнгги ҳафталарда ўтказилган рейдлар чоғида юртдошларидан камида олти нафари қўлга олиниб, Тузла туманидаги депортация марказига жойлаштирилганини айтиб беришган.
Туркманистонга қайтган мигрантларга кўра, Туркия полицияси шу пайтгача ноқонуний муҳожирларни фақат кўчалардан тутиб кетган. Бироқ сўнгги ҳафталарда улар корхона ва муассасаларда, завод ва фабрикаларда рейдлар ўтказиб, меҳнат муҳожирларининг ҳужжатларини текшира бошлашган.
“Охирги ҳафталарда бу рейдлар кўлами кескин кенгайиб кетди. Бундан ташқари, сўнгги бир неча ой ичида Туркия расмийлари хорижликларга иш учун рухсатнома бериш жараёнини ўта қийинлаштириб юборишди. Ҳатто рухсатнома бериш бутулай тўхтатилди, дейиш мумкин. Туркманистонлик мигрантларнинг кўпчилиги уч ойлик ёки бир йиллик визалари тугаганидан кейин у ерда ноқонуний ишлаб юришибди”, деган туркманистонлик суҳбатдош.
Туркия ўзбекистонликлар энг кўп ишлайдиган тўртта давлатдан бири бўлиб ҳисобланади. Ўтган йилги маълумотларга кўра, мамлакатда 50 мингдан зиёд ўзбекистонлик расмий мақомга эга. Норасмий юрганлар, ҳужжатсиз ишлаётганлар сони эса бундан бир неча баробар кўплиги айтилади.