Туркияда қўлга олинган туркман фаоли очлик эълон қилди

Туркман фаоллари томонидан президент Бердимуҳамедов сиёсатига қарши Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган норозилик чиқишидан лавҳа, 2021 йил сентябри

Туркия расмийлари томонидан қўлга олинган туркманистонлик фаол Аҳмет Раҳмонов 22 октябрь куни президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг сиёсатига қарши норозилик сифатида очлик эълон қилди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркманистон Хельсинки фонди маълумот тарқатди.

“Халқаро ҳамжамият Туркманистондаги ва хориждаги туркманлар муаммоларига эътибор қаратади, деган умиддаман”, деган Раҳмонов Туркманистон Хельсинки фондидаги манбага.

Маълумотларга кўра, 47 ёшли А. Раҳмоновга очликнинг илк кунида Истанбул яқинидаги “Тузла” депортация марказидаги бошқа туркманлар ҳам қўшилган. Мазкур марказда асосан ҳужжатининг муддати ўтиб кетган туркманистонликлар бор. Улар ҳар бири саккиз киши сиғадиган юк контейнерларини эслатувчи жойларда сақланмоқда.

“Кун охирига бориб марказ раҳбарияти қўлга олинганларнинг муаммосини ой охиригача ҳал қилишга ваъда берган. Шундан сўнг акцияни Аҳмет Раҳмоновнинг бир ўзи давом эттирган, бугун тўрт кун бўлди. Атрофидагилар уни ҳеч бўлмаганда сув ичишга кўндиришга уринишмоқда”, дейилган гуруҳ баёнотида.

А. Раҳмонов 18 октябрь куни Анталияда қўлга олинганди. У “Туркманистон демократик танлови” (DWT) ҳаракатининг ижтимоий тармоқлардаги ҳисоблари маъмури бўлган. Авваллари у ижтимоий тармоқларда Туркманистон ҳукуматини очиқдан-очиқ танқид қилиб келган. Февраль ойида А. Раҳмонов Озодликнинг туркман хизматига видеоинтервью бериб, унда хориждаги, шу жумладан Туркиядаги туркманистонликларнинг паспорт билан боғлиқ муаммолари ҳақида сўзлаб берган эди.

Сўнгги пайтларда Туркияда туркманистонлик фаолларга ҳужумлар кўпайган. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари расмий Ашхободни мамлакатда инсон ҳуқуқларини жиддий равишда бузаётгани ва ўзгача фикрдагиларга босим ўтказаётгани учун танқид қилиб келади.