Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тергов ва суддан яширинган шахсларнинг Туркия ҳудудида яширинишга уриниши ҳолатлари кўпаймоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси томонидан тарқатилган хабарномада сўз борган.
Қайд этилишича, биргина 2024 йилнинг 10 ойида жавобгарликдан қутулиш мақсадида йиллар давомида қардош давлат ҳудудида яшириниб юрган 37 нафар айбланувчи қўлга олинган ва одил судлов ҳукмига ҳавола этилган.
Дипломатик ваколатхонага кўра, “икки давлат Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ўзаро ҳуқуқий ёрдам тадбирлари доирасида бу каби шахсларга нисбатан жиноий таъқибни амалга ошириш янада самарали кўринишга эга бўлмоқда”.
Консуллик бундан буён қидирувдаги шахсларни қўлга олиш тадбирлари янада кучайтирилиши, жиноятчиликка қарши муросасиз кураш жадал давом эттирилишини урғулаган.
Истанбулдаги бош консулхона “қидирувдаги шахслар учун ягона ва энг тўғри йўл – Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарига ёки республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига мурожаат қилиш, тергов ва суд процессида қонуний ҳимоя ҳуқуқидан фойдаланиш” эканини эслатган.
Озодлик жорий йилнинг 12 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия ташқи ишлар вазири Ҳақан Фидан, ички ишлар вазири Али Ерлиқая ва Миллий разведка хизмати директори Иброҳим Қалиндан иборат делегацияни қабул қилгани ҳақида хабар қилганди. Ушбу ташриф якунида Тошкент ва Анқара расмийлари икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ўртасида муносабатларни институционаллаштириш, очиқ қолаётган ҳуқуқий масалаларни тартибга солишга доир келишувлар имзоланган.