22 ноябрь куни Истанбул аэропортидан Болгарияга чиқариб юборилган Турманистон Хелсинки фонди раҳбари Тожигул Бегмедовага 5 йилгача Туркияга кириш тақиқланди. Турманистон Хелсинки фонди бош қароргоҳи Болгарияда жойлашган.
Бегмедова Истанбулга 21 ноябрь куни учиб келган ва бир неча кундан кейин “Бир Дунё – Қирғизистон 2023” инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатли фильмлар фестивалида иштирок этиш учун Бишкекга кетиши керак эди.
Бироқ аэропортдаги чегара паспорт назорати пунктида унга Миграция хизматининг 2023 йил 12 сентябрдаги қарори асосида мамлакатга кириши беш йилга тақиқлангани маълум қилинган. Чегара расмийлари туркман ҳуқуқбонига нисбатан тақиқни “миллий хавфсизликка тахдид” билан изоҳлаган.
Туркиядаги туркман муҳожирларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши билан машҳур Бегмедова эртаси куни Болгарияга қайтариб юборилган.
Аввалроқ унинг ташкилоти Туркияда туркман муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи «Hak Hukuga Daýanç» жамғармасини тузишда кўмак кўрсатган эди.
Шунингдек, бу йил Туркман Хелсинки фонди БМТда Универсал даврий ҳисоботларни кўриб чиқиш доирасида Туркманистон ва Туркия бўйича муқобил ҳисоботларни тайёрлашда иштирок этган.
Сўнгги йилларда Туркия туркман фаоллари учун хавфсиз бўлмаган давлатга айланмоқда. Туркия шу йили камида олти туркман фаолини Туркманистонга депортация қилган. Бу фаоллар ижтимоий тармоқларда Туркманистон ҳукуматини кескин танқид қилган эди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Туркиядан депортация қилинган фаоллар тақдиридан хавотирдадир.