Туркман мухолифатчиси Азат Исақов Россияда дом-дараксиз йўқолди

Фотоколлажда - Мурат Овезов (ч) ва Азат Исақов (ў)

Сўнгги икки йилдан бери Россиянинг Москва вилоятида яшаб келган таниқли туркман мухолифатчиси Азат Исақов, хабарларга кўра, ўтган ойда сирли равишда ғойиб бўлганидан сўнг дом-дараксиз йўқолган деб эълон қилинди.

“Туркманистон хроникаси” сайти 2 ноябрь куни “Туркманистон, бирлашамиз” мухолифат гуруҳи раҳбари Чемен Оре сўзларига таянган ҳолда 37 ёшли Исақов 20 октябрда ғойиб бўлганини хабар қилди.

Оренинг айтишича, йўқолишидан олдин Исақов унга “Полиция келди. Топишса, олиб кетишлари мумкин. Мен яширинаман”, дея хабар юборган.

Россия полицияси вазиятга изоҳ берганича йўқ.

“Туркманистон хроникаси” аввалроқ туркман махсус хизматлари Исақовга ҳамда унинг Туркманистонда қолган қариндошларига уларга қарши жиноят ишлари очиш билан таҳдид қилгани тўғрисида ёзган. Нашр маълумотига кўра, Ашхободга депортация қилинган тақдирда Исақовни қўлга олишлари ва қийноққа солишлари мумкин.

Аввалроқ turkmen.news нашри Туркманистондаги карантин ва коронавирус ҳақида шеър ўқиб, видео ёйинлаган YouTube-блогер Мурат Овезовнинг қамалгани ҳақида хабар қилганди. Қайд этилишича, 48 ёшли Овезов ўтган йил ёзида 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. 1 ноябрь кунги хабарда нашр ўз манбаларига таянган ҳолда, Овезов “товламачилик”ка оид айблов бўйича судланганини ёзган. Аммо, нашр манбаларига кўра, аслида расмийлар блогернинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари учун ундан ўч олганлар.

Туркманистон ҳукумати халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари ҳисоботларида инсон ҳақларини мунтазам равишда поймол қилиб келувчи энг ёпиқ ва репрессив мамлакатлардан бири ўлароқ таърифланади. Президент Бердимуҳамедов ўзгача фикрловчиларга нисбатан тоқатсиз бўлиб, 2006 йилда иқтидорга келганидан бери мамлакатни қаттиққўллик билан бошқариб келмоқда. Туркманистонда репрессив тизим ундан олдинги мустабид президент Сапармурод Ниёзов даврида шакллантирилган.