Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистонни “минтақадаги ишончли ва муҳим ҳамкор” деб атади

Сердар Бердимуҳамедов жорий йил март ойида ўтган сайловда отаси Гурбангелди Бердимуҳаммедов ўрнига президент этиб сайланган.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга 14 июль куни расмий ташриф билан келган Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан “Кўксарой” қароргоҳида тор доирада учрашди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, учрашув чоғида Шавкат Мирзиёев Туркманистонни “ишончли ҳамкор” деб сифатлади.

– Шуни қайд этмоқчиманки, биз учун Туркманистон – минтақадаги ишончли ва муҳим ҳамкор. Бизнинг кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги интилишимиз қатъий, энг яқин қўшнимиз билан стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ниятидамиз, – деди президент.

Сердар Бердимуҳамедов жорий йил март ойида ўтган сайловда отаси Гурбангелди Бердимуҳаммедов ўрнига президент этиб сайланганидан бери Ўзбекистонга илк маротаба сафар қилмоқда.

Расман билдирилишича, учрашувда Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигининг истиқболлари муҳокама қилинди.

Туркман президентининг Ўзбекистонга ташрифи арафасида Бухорода биринчи ўзбек-туркман ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди. Мазкур форумда умумий қиймати 451 миллион долларлик инвестиция ва савдо битимлари имзоланди.