Туркманистонда расмийлар бюджет ташкилотлари ходимлари билан учрашувда фуқароларни Интернетда хорижий ОАВ хабарларини ўқимасликка ҳамда мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларига оид маълумотларни Озодликнинг туркман хизматига йўлламасликка чақиришган. Бу ҳақда 26 июль куни Озодликнинг Болқон вилоятидаги мухбири хабар қилди.
Унга кўра, 25 июль куни Туркманбоши шаҳрида Миллий хавфсизлик вазирлиги ходимлари, шаҳар ҳокимлиги ва жамоат ташкилотлари вакиллари бюджет ташкилотлари хизматчилари билан иккита йиғилиш ўтказишган. Туркманбоши ҳокимлиги мажлислар зали ва шаҳар Маданият уйида ўтказилган йиғилишлар чоғида иштирокчиларни “маълумот сиздирмаслик”ка чақиришган.
“Йиғилишнинг асосий мавзуси Озодлик радиоси ёритаётган воқеалар тўғрисида маълумот сизишидан огоҳлантириш бўлди. Фуқаролар сабр-қаноатли бўлишга, Интернетда хорижий ОАВ хабарларини ўқимасликка чақирилди. Залда бўлган ҳар бир кишини ўз оила аъзоларини кузатиб юришга чақиришди”, деган йиғилишда иштирок этган бюджетчилардан бири.
Йиғилиш ташкилотчилари Озодлик радиосига мамлакатдаги муаммолар ҳақида хабар бериш “туркманчиликка зид” келишини билдиришган.
Расмийларнинг фуқароларни сабр-қаноатга чақириши, Озодлик туркман хизматининг қайдича, мамлакатда кўп йиллардан бери давом этиб келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммолар, аҳоли устидан нафас қайтарувчи давлат назорати ва кескин чекловлар ўрнатилгани билан боғлиқ.
Озодлик Туркманистон аҳолисининг маҳаллий давлат ОАВда акс этмайдиган кундалик муаммолари ва бошқа воқеаларни ёритиб келмоқда.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Туркманистон расмийларини мамлакатда сиёсий ва фуқаровий эркинликлар, шу жумладан сўз ва матбуот эркинлигини чеклаётгани учун танқид қилиб келишади. Мустақил ОАВга мурожаат қилиш орқали ўз муаммосини оммага етказишга уринаётган фуқаролар расмийлар томонидан таъқиб қилинади.
Туркманистон ҳукумати мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳақида мустақил ОАВда чиққан хабарларни асосан жавобсиз қолдиради. Давлат оммавий ахборот воситалари талқинига кўра, Туркманистон “чопқир арғумоқ сингари” фақат олға йўрғалаб бормоқда.