Туркманистон: Ота Бердимуҳамедов ўғил Бердимуҳамедовдан меҳнат таътили сўради

Гурбангули Бердимуҳамедов

Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов яқинда ўзидан давлат раҳбари лавозимини қабул қилиб олган ўғли Сардордан 2022 йил 1 апрелидан эътиборан меҳнат таътили беришни сўради.

“Арқадағ Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон президентига шахсий илтимос билан мурожаат қилди”, дейилган “Туркманистон бугун” давлат агентлиги хабарида.

“Маълумингизким, мен 40 йилдан бери раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқдаман, 25 йилдан бери сиёсат билан шуғулланаман. Катта иш ҳажми туфайли бу давр мобайнида тўлақонли дам олишга имкон бўлмади”, дея Бердимуҳамедовдан иқтибос келтирган агентлик.

Г. Бердимуҳамедов таътил чоғида бошлаб қўйган янги асарларини тугатишини, шунингдек шу йилга белгиланган Марказий Осиё ва Россия парламентлараро форуми, Марказий Осиё ва Россия аёллари диалоги ҳамда бошқа халқаро тадбирларга лозим даражада ҳозирлик кўришини билдирган.

Сардор Бердимуҳамедов илтимосни қаноатлантирган. Меҳнат таътилининг якунланиш санаси очиқланмаган.

Сардор Бердимуҳамедов 19 март куни Туркманистон президенти лавозимига киришган. Аввалроқ у халқаро кузатувчиларсиз ўтказилган сайловда 72,97 фоиз овоз олган эди.

Озодликнинг туркман хизмати сайловолди кампанияси ва овоз бериш жараёнида кўплаб қонунбузарликлар кузатилганини хабар қилган.