Туркманистонда бир неча йилдан бери давом этаётган иқтисодий инқироз оқибатида давлат корхоналарида ҳам маошлар ўз вақтида берилмай қолди.
Озодлик радиоси туркман хизматининг хабар беришича, Балкан вилоятида кема таъмирлаш заводи, йирик балиқ консерва корхонаси ишчилари ва транспорт ходимлари 4-5 ойдан бери ойлик олмаган.
Ишчилар ҳеч бўлмаганда Янги йил байрами олдидан иш ҳақи тўланишига умид қилмоқда.
Ойлик иш ҳақини ўз вақтида тўлаш масаласини президент Сердар Бердимуҳамедов ҳам 18 декабрь куни ўтган ҳукумат йиғилишида кўтарган.
Президент маҳаллий ҳокимларига Янги йил байрамини тантанали равишда ўтказиш, озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлигини ва маошларни ўз вақтида тўланишини таъминлаш бўйича топшириқлар берди, деб ёзади давлат ахборот агентлиги.
Жорий йил апрелида Туркманистон вилоятларида ижтимоий нафақалар ва пенсияларни тўлашда муаммолар пайдо бўлган эди.
Декабрнинг бошларида эса пойтахт Ашхабод ва Балкан вилоятидаги банкоматлардан нақд пул ечиб олиш мумкин бўлмай қолди.
Туркманистон давлат матбуоти ойликларнинг ўз вақтида берилмаётгани ва нақд пул етишмовчилиги юзага келгани тўғрисида хабар бермаяпти.