Туркманистонда президент суратлари учун аҳолидан пул тўпланмоқда

Туркманистонда президент суратлари учун бир кишидан 65 манатдан йиғилмоқда.

Туркманистонда президент Сердар Бердимуҳамедов ва унинг отаси, Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг янги суратларини, йил шиорлари ёзилган плакатларни тайёрлаш учун аҳолидан пул йиғилмоқда. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати хабар берди.

Балкан вилоятида яшовчи суҳбатдошлар Озодлик мухбирларига мактабларда ўқитувчилардан плакатлар учун 25 манатдан, президентнинг суратлари учун 65 манатдан пул йиғилаётганини айтишган.

Бундан ташқари мактабларда президент Сардор Бердимуҳамедовнинг китобини сотиб олиш учун 148 манат (тақрибан 40 доллардан) йиғилмоқда. Айрим мактабларда ўқитувчилар бунинг учун ўқувчилардан 10 манатдан йиғаётгани тўғрисида ҳам маълумотлар бор.

Аввалроқ Янги йил байрамида безаклар сотиб олиш учун ҳам пул йиғилгани хабар қилинганди.

Бир неча йилдан бери иқтисодий инқирозни бошидан кечираётган Туркманистонда ҳар йили янги шиор эълон қилинади. Жорий йилда “Маҳмутқули Фароғий донишмандлик хазинаси” шиори танланган.

Жорий йил бюджет ташкилотлари ходимлари учун “кўп чиқимлар йили” бўлиши кутилмоқда. Негаки президент яқинда “Ёшлар-Ватан таянчи” деб номланган илк китобини нашрдан чиқарди. Аҳоли уни сотиб олишга мажбур.