Туркманистон расмийлари Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан аёлларга 60 манат (3 АҚШ доллари атрофида) миқдорида пул совға қилишади. Бу ҳақда 21 февраль куни бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида маълум бўлган.
Туркманистон телевидениесининг “Ватан” ахборот дастури хабарига кўра, совғалар 2025 йилнинг 1 мартидан 6 мартигача улашилади. Пул давлат ва хусусий корхоналарда ишлайдиган аёлларга, пенсионерларга, ижтимоий нафақа олувчилар ҳамда боғча тарбияланувчиларидан бошлаб докторантларгача барча таълим даргоҳи ўқувчиларига берилади.
Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов томонидан имзоланган ҳужжатга мувофиқ, тўловга оид қарор мамлакат “ривожи ва фаровонлигида аёллар хизматининг эътирофи ўлароқ” ҳамда “оналар ва опа-сингилларни эъзозлаш бўйича миллий анъаналар”ни давом эттириш учун қабул қилинган.
Туркманистонда ҳар йили Халқаро хотин-қизлар кунида аёлларга давлат раҳбари номидан пул совға қилинади ва унинг суммаси ўзгармасдан қолмоқда. Бугунги кунда 60 манатга мамлакат фуқаролари бир неча килограм пиёз ёки бир кило гўшт сотиб олишлари мумкин.