Туркманистон Россия билан газ шартномасини бекор қилди

Иллюстратив сурат

Россия билан Туркманистон ўртасидаги газ шартномаси бекор қилинган ва туркман газининг Россияга экспорти жорий йил ярмида тўхтатилган. Бу ҳақда Озодликнинг туркман хизмати “Туркменгаз” давлат концерни раиси Мақсат Бабаев сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Россия нашрлари томонлар газ нархи бўйича келишувга эришолмагани ҳақида ёзишмоқда.

Россия 2016 йилда ҳам Туркманистондан газ сотиб олишни тўхтатиб қўйган эди. Уч йиллик танаффусдан сўнг 2019 йилда томонлар газ етказиб бериш бўйича беш йиллик янги шартномани имзолашган. Йилига беш миллиард куб метр газ етказиб бериш кўзда тутилган шартноманинг амал қилиш муддати 2024 йилнинг 30 июнида тугаган ва афтидан, томонлар шартнома муддатини узайтирмасликка қарор қилишган.

Жорий йил ўртасидан томонларнинг ўзаро келишуви бўйича биз Россия Федерациясига табиий газ етказиб бермадик”, дея иқтибос келтирган “Туркменгаз” давлат концерни раисининг ўринбосари Мурат Арчаев сўзларидан Россия нашрлари.

Айни пайтда Туркманистон расмийлари газ экспорти йўналишлари ошганини билдирмоқда.

Туркманистон доим экспорт йўналишларини диверсификация қилишга интилиб келган. Бугунги кунда биз янги йўналишлар ҳамда мавжуд шартномалар ва йўналишлар бўйича етказиб берилажак газ ҳажмини оширишдан манфаатдормиз”, деган “Туркменгаз” раҳбари.

2022 йил декабрь ойида Ўзбекистон Туркманистон билан илк бор 1,5 миллиард куб метр газ етказиб бериш бўйича “Газпром” иштирокисиз қисқа муддатли шартнома тузган эди. 2023 йил август ойида эса Ўзбекистон Туркманистон билан йилига 2 миллиард куб метргача газ етказиб бериш бўйича янги шартнома имзолаган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги раҳбари Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ Тошкент ва Ашхобод газ етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартнома ишлаб чиқаётганини билдирган эди. Туркманистон билан истиқболда тузилажак газ шартномаси Ўзбекистон эҳтиёжининг қанча қисмини қоплаши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

2023 йил 7 октябридан Ўзбекистон куз-қиш мавсумида республикада газ тақчиллигининг бир қисмини қоплаш учун Қозоғистон ҳудуди орқали Россиядан газ импорт қилишни бошлаган эди. Ўшанда газ сотиб олиш бўйича шартнома икки йилга тузилгани, харид ҳажми йилига қарийб 2,8 миллиард куб метрни ташкил этиши айтилган.