Ўзбекистон президенти Туркман раҳбарини “ғоятда муҳим сиёсий тадбир муваффақиятли ўтказилгани” билан табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 март куни Туркманистоннинг амалдаги президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва сайланган президент Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, Мирзиёев “Туркманистон томонини ғоятда муҳим сиёсий тадбир — президент сайлови муваффақиятли ўтказилгани, унда Сердар Бердимуҳамедов ишончли ғалаба қозонгани билан самимий табриклади”.

Шавкат Мирзиёев Сердар Бердимуҳамедовни сайловда қозонган ғалабаси билан табриклаган энг биринчи президент бўлди.

Туркманистонда 12 март куни бўлиб ўтган президентлик сайловида Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 40 ёшдаги ўғли Сердар Бердимуҳамедов расман сайловчиларнинг 72,97 фоизи овозини олгани ва “ўзи билан рақобат қилган 8 номзод устидан ғалаба қилгани” билдирилган.