Туркманистонда аёлларга “эрнинг соясига салом бериш” лозимлиги эслатилди

Ашхобод кўчаларидан биридаги аёллар, 2022 йил апрели

“Бетараф Туркманистон” давлат газетасида 13 октябрь куни анъанавий муомала одобига бағишланган мақола чоп этилди, унда туркман аёллари эрларининг “соясига салом бериш”га буюрилади. Мазкур мақолага "Хроники Туркменистана" нашри эътибор қаратган.

Мақолада саломлашув ва катталар билан муносабатдаги “анъанавий муомала одоби меъёрлари”дан ташқари, аёл ўз эри билан қандай муомалада бўлиши кераклиги алоҳида уқтирилган. “Туркман муомала одоби аёлни эрининг соясига салом беришга буюради: аёллар турмуш ўртоқларини исмини айтиб чақирмайдилар ва сўзлашувда уларни ҳамиша учинчи шахс сифатида тилга оладилар”, дейилган мақолада.

Муаллифга кўра, “муомала одоби” бола зиммасига отаси билан гаплашганда “вазиятдан қатъи назар, тик туриш” мажбуриятини юклайди, “ота-онанинг сўзини икки қилиш эса мутлақо номақбулдир”.

Сардор Бердимуҳамедов отаси ўрнига президент лавозимига ўтирганидан сўнг Туркманистонда аёллар учун чекловлар кучайган. Аёлларга косметика воситаларидан, пластик жарроҳлик хизматидан фойдаланиш, маникюр қилиш, соч бўятиш, танага ёпишиб турадиган кийимлар ва жинси кийиш, машина ҳайдаш ва автомобилнинг олд ўриндиғида ўтириш тақиқланган. Мамлакатда аборт қилиш ҳам амалда ман этилган. Ушбу қоидаларни бузган аёллар қўлга олинади, жаримага тортилади ва ҳатто ишдан бўшатилади.