Туркманистон ғарбида жойлашган Болқон вилоятидаги давлат муассасалари раҳбарлари циферблатларига амалдаги президент Сердар Бердимуҳамедов ва унинг отаси Гурбангули Бердимуҳамедов тасвири туширилган соатларни сотиб олишга мажбур қилинмоқда. Бу ҳақда Озодликнинг туркман хизмати хабар қилди.
Бу соатларга, ўлчами ва дизайнидан келиб чиққан ҳолда, 1500 манатдан (тақрибан 428 АҚШ доллари) 3000 манатгача (тақрибан 850 АҚШ доллари) нарх бичилган.
Озодлик манбасига кўра, мазкур соатлар вилоятдаги юқори лавозимли амалдорларга мажбуран сотиляпти, кичикроқ бюджет ташкилотлари раҳбарларига эса бундан арзонроқ соатлар таклиф қилинмоқда.
Озодликнинг туркман хизмати мухбири билан суҳбатда мактаб директорлари қимматбаҳо соатларнинг мажбурий сотилиши ортида Бердимуҳамедовларга яқин шахслар турганини айтишган.
“Бу соатлар Хитойда махсус тайёрланиб, мамлакатга олиб келиниб, халққа мажбуран сотилмоқда. Улар Миллий хавфсизлик вазирлиги органлари орқали соат савдосини назорат қилиб боришяпти”, деган Болқон вилоятидаги мактаблардан бирининг директори.
Озодликнинг бошқа бир суҳбатдоши Сапармурод Ниёзов даврида Туркманистонда президент тасвири туширилган соатлар чиқарилиб, мактаб ўқувчилар дохил ҳаммага тарқатилганини эслатган.
“Сердар [Бердимуҳамедов] ҳам ўз портретлари акс этган соатлар чиқара бошлаганига ажабланмаса ҳам бўлади. Энди унинг бутун мамлакат бўйлаб ўз ҳайкалларини ўрнатиши қолди, холос”, деган у.
Туркманистонда давлат муассасалари ходимларига мунтазам равишда ноҳақ солиқлар солиб турилади. Бу пуллар улардан президент китобларини сотиб олиш, унинг портретларини янгилаш ва шу каби кўплаб баҳоналар билан йиғилади.