Туркманистонда Озодликнинг собиқ мухбири оламдан ўтди

Мекан Ташлиев тахаллуси остида Озодликнинг туркман хизмати билан 2016 йили уч ой давомида ҳамкорлик қилган Худайберди Аллашовга туркман расмийлари “гўрга тиқиш” билан таҳдид қилишган эди

Туркманистонда Озодликнинг туркман хизмати собиқ мухбири Худайберди Аллашов вафот этди. 35 ёшли Аллашов 13 август куни Кўҳнаурганч шаҳридаги уйида оламдан ўтгани айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, Худайберди анчадан бери касал эди, у ўтмишда Озодлик билан ҳамкорлик қилгани туфайли туркман расмийлари томонидан турли тазйиқ-таъқибларга дучор бўлган ва бунинг натижасида соғлиғига жиддий путур етган.

Журналист Мекан Ташлиев тахаллуси остида Озодликнинг туркман хизмати билан 2016 йили уч ой давомида ҳамкорлик қилган, бу ҳамкорлик Аллашовнинг ўша йил декабрида онаси билан биргаликда носвой сақлаганликда айбланиб, ҳибсга олингунига қадар давом этган.

Гарчи Туркманистон қонунчилигида носвой сақлаганлик учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилмаган бўлса-да, Худайберди Аллашов ва унинг онаси Гурбантач Аразмедова 2017 йилнинг февраль ойида шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Ўз репортажларида Аллашов Дашўғуз вилоятидаги пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётгани, озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги ва давлат хизматчиларининг ойлик маошлари кечиктирилаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Озодликнинг туркман хизматига кўра, Худайберди Аллашов ва онаси ҳибсга олинган 2016 йилнинг 3 декабрида Дашўғуз вилояти ҳуқуқ-тартиботчилари унинг журналистик фаолият билан шуғулланишини билиб қолишган, бу эса расмийлар қасосига сабаб бўлган.

Озодлик манбалари ўша пайтда Кўҳнаурганч полиция бўлимида Худайберди ва онаси аёвсиз қийноққа тутилгани, шу жумладан электр токи ёрдамида қийноққа солингани ҳақида маълум қилишган. Озодликка журналист ва онасининг иши билан ўша пайтда Миллий хавфсизлик вазирлигининг Дашўғуз вилояти бошқармаси шуғуллангани ҳам маълум. Худайберди ва Гурбантачни ҳибсга олишдан ташқари МХВ ходимлари журналистнинг хотини Эжеш Аразгилижева ва икки ёш боласини ҳам сўроққа чақиришган.

Журналист ва онасига реал қамоқ жазоси хавф солган, бироқ хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар аралашувидан сўнг уларга шартли қамоқ жазоси берилган.

Ҳибсдан озод бўлганидан кейин Худайберди Озодликнинг туркман хизмати билан ҳамкорликни тўхтатган, бироқ туркман расмийлари Аллашовдан қасд олишни давом эттирган. Масалан, 2019 йил октябрида уни яна МХВ ходимлари олиб кетишиб, бир неча соат мобайнида калтаклаб, сўроққа тутишган. Ўша оқшом ўғлидан хавотир олган онанинг аҳволи ёмонлашиб, касалхонага олиб кетилган. Орадан икки кун ўтгач, Гурбантач Аразмедова юрак хуружи туфайли вафот этган.

Бироқ журналистга нисбатан таъқиб ва таҳдидлар онасининг ўлимидан сўнг ҳам тўхтамаган. 2019 йил ноябрида ўтказилган галдаги сўроқ чоғида полиция ходими Аллашовга расмийлар унинг ўзини ҳам “гўрга тиқмагунча” тинчимасликларини билдирган.

2023 йил декабрида Худайберди Аллашов яна ҳибсга олинган. Кўҳнаурганч этрапи (тумани) жиноят қидирув бўлими ходимлари журналистга бу сафар уни “узоқ муддатга панжара ортига йўллаш”ларини айтишган. Бироқ ишга яна халқаро ташкилотлар ва дипломатлар аралашишган ва Аллашовга 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Туркманистон расмийлари мустақил журналистлардан қасос олиши ва уларга нисбатан қатағон сиёсати юритиши билан танилган. 2006 йили Туркманистон қамоқхонасида Ўғулсапар Мурадова вафт этган. Халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотларига кўра, журналист аёлнинг ўлимига унга нисбатан қўлланилган қийноқлар сабаб бўлган. 2018 йили БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Туркманистонни Ўғулсапар Мурадованинг қийноққа тутилгани ва унинг ўлими учун масъул деб топган.