Туркманистоннинг Балкан вилоятида расмийлар тиланчилар ва чиқинди титаётган фуқароларга қарши рейдлар ўтказяпти.
Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, Каспийбўйи шаҳарларида ўтказилаётган рейдлар натижасида болалар ва ногиронлар дохил ўнлаб киши қўлга олиниб, полиция бўлимларига етказилган.
Ҳокимият вакиллари рейдлар ўтказилишини “гадойлар ва ахлат титаётган одамлар президент обрўсига соя солаётгани” билан изоҳлашган.
Тиланчи ови 10 июль куни эрталаб Туркманбоши этрапида, шу жумладан Гувлимаяк ва Қиянли шаҳарчаларида бошланган.
Махсус гуруҳлар иштирокидаги рейдлар асосан йирик савдо марказлари, дорихоналар, “Туркманбоши” ва “Чарлақ” меҳмонхоналари ҳамда “Кенар” бозори атрофида ўтказилмоқда.
Ҳар бир гуруҳ тўрт нафар полициячи ва Миллий хавфсизлик вазирлигининг бир нафар ходимидан ташкил топган бўлиб, улар микроавтобусларда мазкур мавзеларни айланиб юришибди.
“Полиция ва МХВ ходимлари кўзларига кўринган тиланчиларнинг ҳаммасини тутишяпти, уларнинг бола ёки ногирон эканига қарамасдан, куч қўллаган ҳолда хизмат автобусларига тиқиб кетишяпти”, дея маълум қилган Озодликнинг вазиятдан хабардор бўлган манбаси.
Рейд чоғида чиқинди контентерларини титиш билан шуғулланаётган аёллар ва болалар дохил фуқаролар ҳам ушланиб, полиция бўлимига олиб кетиляпти.
Озодликнинг туркман хизмати қўлга олинган фуқароларнинг кейинги тақдири ҳақида маълумот олишга муваффақ бўлолмаган. Бироқ хизмат мухбирлари рейдлар ортидан кўчаларда чиқинди титаётган одамлар ва тиланчилар сони сезиларли даражада камайганини қайд этишган.
Туркманистонда олти йилдан буён оғир иқтисодий инқироз туфайли оммавий ишсизлик ва аҳоли турмуш даражасининг пасайиши кузатилмоқда, бунинг натижасида сўнгги йилларда мамлакатда тиланчилар ва чиқиндихоналарни титаётганлар сони ошган, ўғирлик ва талончилик билан боғлиқ ҳолатлар кўпайган.
Туркманистон ҳукумати мамлакатда иқтисодий қийинчиликлар мавжудлиги ва аҳоли турмуш даражасининг пасайганини тан олмай келади, ишсизлар ва моддий дастакка муҳтожлар тўғрисидаги маълумотлар очиқланмайди. Бунинг ўрнига расмийлар вақти-вақти билан иқтисодий буҳрон шароитида тирик қолиш умидида тиланчилик қилишга мажбур бўлаётган фуқароларга қарши турли чораларни ишга солиб келишмоқда.