Туркманистондаги тўйларда одамлар Гурбангули Бердимуҳамедов қўшиқларини қўйишга мажбурланмоқда

Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов қўшиқ куйлашни севади (архив сурати)

Туркманистоннинг ғарбий вилоятларида расмийлар маҳаллий аҳоли вакилларини тўй маросимларида собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов қўшиқларини қўйишга ва плейлистлардан хорижий мусиқани олиб ташлашга мажбурлашмоқда. Бу борада ёзма расмий фармойиш йўқ, буйруқлар оғзаки тарзда ФҲДЁларда берилмоқда, деб ёзган Озодликнинг туркман хизмати.

ФҲДЁ бўлимлари келин-куёвларга тўй маросимларида фақат туркманча мусиқа янграши кераклиги, тўйнинг ўзи эса туркман урф-одатларига кўра ўтказилиши лозимлигидан огоҳлантиришмоқда”, дея маълум қилган Болқон вилоятидаги Озодлик манбаси.

Тўйхона, ресторан ва банкет залларининг эгалари ва ходимлари ҳам янги қоидалардан хабардор қилинган.

Тўйхона эгаси репертуарнинг камида 80 фоизи туркман тилида бўлишини таъминлаши лозим”, деган исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодлик билан суҳбатлашган ресторан эгаларидан бири.

Унга кўра, мажбурий репертуарга “Қуш тепди” деб номланган туркман халқ рақси ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг иккита қўшиғи қўшилган.

“[Бердимуҳамедовнинг] ҳар бири етти дақиқалик икки қўшиғини DJ икки мартадан қўйиши лозим”, деган ресторан эгаси.

Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистонни 15 йил бошқарган ва 2022 йилда президентликни ўғли Сердарга топширган.

Кўп миллатли Болқонобод ва Туркманбоши шаҳарлари аҳолисининг аксарияти, уларга кўра, ўз тўйида она тилида қўшиқ тинглаш имкониятидан маҳрум этишни кўзда тутган янги тартиб-қоидалардан ҳафсаласи пир бўлган. Бу икки шаҳарда руслар, арманлар ва озарбайжонлар дохил кўплаб миллий озчилик вакиллари истиқомат қилишади.