Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси биринчи инстанция суди қарорини бекор қилиб, марҳум турколог олим Андрей Кубатин оиласининг маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъвосини қисман қаноатлантирган. Бу ҳақда Газета.uz нашри А. Кубатиннинг синглиси Клара Сахарова сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Қайд этилишича, оила аъзолари суддан ўз фойдаларига 3,5 миллиард сўмлик маънавий зарарни ундириш тўғрисида қарор қабул қилишни сўрашган.
Суд коллегияси даъвони қисман қондириб, биринчи инстанция суди қарорини бекор қилиб, компенсация миқдорини 30 миллион сўмдан 150 миллион сўмга ошириш ҳақида қарор чиқарган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Молия бош бошқармаси мазкур суммани Андрей Кубатиннинг хотини ва ўғлига тўлаши керак.
Марҳум олимнинг синглиси ва онаси маънавий зарар бўйича компенсация олиш учун фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишни режалаштиряпти.
Турколог Андрей Кубатин 2020 йилнинг 29 октябрь куни коронавирус оқибатларидан 36 ёшида вафот этган эди.
Тошкент давлат шарқшунослик институтининг катта ўқитувчиси бўлиб ишлаган Андрей Кубатин 2017 йил декабрида давлатга хиёнатда айбланиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Кубатин устидан маҳкама ёпиқ ўтган, яқинлари ва маслакдошлари ёш турколог олимга қарши жиноят иши собиқ МХХ томонидан уйдирилганини айтишган.
Халқаро ташкилотлар ва илмий жамоатчиликнинг чақириқлари ортидан Кубатин 2019 йил сентябрида Тошкентдаги маҳкама залидан озод этилган ва бутунлай оқланган.
Кубатин халқаро илмий доираларда яхши танилган турколог, археолог ва этнограф олим эди.