Зилзила оқибатида Шонлиурфа шаҳрида вафот этган яна бир наманганлик 42 ёшли аёл М.Б.,нинг жасади Тошкентга жўнатилгани тўғрисида 13 февраль куни Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилди.
“Дарё” нашрининг аниқлашича, М.Б., Наманган вилоятининг Норин туманидаги “Боёвул” маҳалласида истиқомат қилган. У 2022 йил ноябрида Туркияга меҳнат муҳожирлигига кетган.
“Яқинларининг билдиришича, у 6 февраль куни рўй берган зилзиладан соғ-омон чиққан, бироқ ўзи ишлаётган хонадон вакиллари билан машинада кетаётган пайт зилзиладан қулаётган уйларни кўриб юраги дош бермаган ва шу ердаги касалхонада вафот этган. Унинг аввалдан юраги заиф бўлгани айтилмоқда”, дейилади хабарда.
Аввалроқ андижонлик 56 ёшли У. Ҳ.,нинг жасади Ҳатайдаги, наманганлик 40 ёшли Н. М.,нинг жасади Каҳраманмарашдаги вайроналар остидан топилгани ҳамда уларнинг жасадлари 11 февраль куни Ўзбекистонга жўнатилгани хабар қилинган эди.
8 февраль куни Малатья шаҳрида бир ўзбекистонлик жасади топилгани билдирилган.
Туркиядаги зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони якшанба кунги маълумотда 29,5 мингга етгани айтилди. Al Jazeera телеканали Сурияда зилзиладан 4,5 минг киши ҳалок бўлганини билдирмоқда.