Беларусь: TUT.BY портали суд қарори билан ОАВ мақомидан маҳрум қилинди

Минск иқтисодий суди ўз қарори билан TUT.BY порталини оммавий ахборот воситаси мақомидан маҳрум қилди. Бунга доир даъво аризаси Беларусь Ахборот вазирлиги томонидан берилган бўлиб, унда нашр “давлат манфаатларига зарар келтираётгани” ва ўз материалларида “ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар”ни тарқатаётгани қайд этилган.

Шу йил октябрида Беларусь расмийлари TUT.BY лицензияси фаолиятини уч ойга тўхтатиб қўйганди. Бу нашрнинг президент сайловидаги қонунбузарликлар ҳамда Александр Лукашенкога қарши норозилик акциялари тўғрисидаги материаллари учун Ахборот вазирлиги томонидан тўрт марта огоҳлантириш берилгани ортидан содир бўлган.

Портал юристлари бу огоҳлантирув хатларининг учтаси бўйича судга шикоят қилганлар, бироқ уларнинг шикоятлари рад этилган. TUT.BY таҳририяти нима бўлган тақдирда ҳам ўз фаолиятини давом эттиришини билдирган.

Беларусь қонунчилигига мувофиқ, оммавий ахборот воситаси мақоми нашр вакилларига қонуний асосда оммавий тадбирларда иштирок этиш ва у ердан ахборот узатиш имкониятини беради.

TUT.BY портали Беларусда энг муштарийси кўп бўлган интернет нашрларидан бири бўлиб ҳисобланади. Портал сайловдаги сохталаштиришлар хусусида материаллар чоп қилиб, норозилик акцияларини ёрита бошлаган пайтдан расмийлар нашр журналистларини таъқиб қила бошлаган.