Twitter кейинги ҳафтада блок қилинган аккаунтларни қайта тиклайди. Бу ҳақда ширкат раҳбари Илон Маск маълум қилди. Унга кўра, бу амнистия қонунчиликни бузганларга ва спам йўллаганларга нисбатан қўлланилмайди.
20 ноябрда Twitter ширкатининг янги раҳбари Илон Маск АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп саҳифасини блоклаш тўғрисидаги қарорни бекор қилди.
Дональд Трампнинг Facebook, Instagram ва Twitter ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари 2021 йилнинг январида блоклаб қўйилган эди. Ўшанда Трампнинг тарафдорлари президентлик сайлови натижаларига норозилик сифатида Вашингтондаги Капитолий биносини ишғол қилганди. Бу воқеа пайтида бир неча киши ҳалок бўлган. Шундан сўнг ижтимоий тармоқлар Трамп ўз саҳифаларида аҳолини тартибсизликларга чақираётганини билдириб, уни блоклаган эди.
SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск 28 октябрь куни Twitter тармоғини 44 миллиард долларга сотиб олган.
7 ноябрда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раҳбари Волкер Турк Илон Маскка мурожаат қилиб, Twitter бошқарувида марказий ўринни инсон ҳуқуқлари эгаллаши лозим, деган фикрни билдирган эди.
Илон Маск Twitter’ни сотиб олганидан сўнг платформа штатининг қарийб ярмини – тақрибан 3700 кишини ишдан бўшатган. Bloomberg агентлиги аввалроқ ходимларнинг бир қисмига ишдан олингани электрон почта орқали билдирилганини хабар қилган. Кўпчилик ходимлар корпоратив тизимларга киролмай қолганларидан кейин ишдан айрилишганини билишган.
Орадан бир неча кун ўтгач Bloomberg Twitter раҳбарияти ишдан бўшатилган ходимларнинг бир қисмидан қайтишни сўрагани ҳақида хабар қилган. Менежмент қисқартиришларнинг айримлари хато бўлганини тан олган.