Twitter ва Facebook президент Трампнинг аккаунтларини блоклади

Трамп тарафдорларининг Капитолийга бостириб кириш пайти.

Трамп тарафдорлари Конгресс биносига бостириб кириб, Сенат йиғилишини тўхтатиб қўйгани ортидан Twitter ва Facebook АҚШ президенти аккаунтларини блоклади.

6 январь куни Twitter “фуқаровий яҳлитлик” қоидаларини “кўп марта ва жиддий” бузгани учун Трамп аккаунти 12 соатга тўсиб қўйилганини, агар Трамп бу огоҳлантиришга ҳам эътибор қаратмаса, унинг аккаунти бир умрга блоклаб қўйилишини билдирди.

Facebook эса “ижтимоий тармоқ қоидаларини икки марта жиддий бузгани” учун Трампнинг аккаунти 24 соатга музлатилганини маълум қилди.

Полиция Капитолийга бостириб кирган Трамп тарафдорларининг тартибсизлиги оқибатида бир аёл ўқ еб ҳалок бўлгани ҳақида билдирганидан сўнг Twitter Трампнинг твитларини ўчириб ташлади.

Twitter Трамп барча твитларни ўчирмаса, унинг ҳисоб ёзуви блокдан чиқарилмаслигини билдирди.

Twitter ва Facebook тармоқларининг мазкур қарори фойдаланувчилар томонидан президент Трампнинг саҳифалирини ёпиш ва ўчириб ташлаш талаби янграётган бир пайтда қабул қилинди.