Twitter президент Трампни бир умрга блоклади

Танқидчиларнинг таъкидлашича, Трамп Twitterдан нотўғри маълумот тарқатиш ва зўравонликни қўзғатиш йўлида фойдаланган.

8 январь куни Twitter ширкати АҚШ президенти Дональд Трампнинг @realDonaldTrump шахсий ҳисобини «яна зўравонликка чорлаш хавфи юқори бўлгани сабабли» бутунлай блоклади.

Ушбу мисли кўрилмаган чора Трампни ўзининг 88,7 миллион издоши билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконидан маҳрум қилди.

6 январь куни Трамп тарафдорлари Вашингтон шаҳрида Капитолий биносига бостириб кирганидан кейин ширкат Трампнинг аккаунтини 12 соатга блоклаган эди. Ўшанда ширкат агар Трамп яна платформадан фойдаланиш қоидаларини бузса, бутунлай четлатилиши ҳақида огоҳлантирди.

Трамп Twitterдан ўз нутқларни тарғиб қилиш, сиёсий қарорларини эълон қилиш ва рақибларини танқид қилиш учун фойдаланиб келаётган эди.

Танқидчиларнинг таъкидлашича, Трамп кўп ҳолатларда Twitterдан нотўғри маълумот тарқатиш ҳамда нафрат ва зўравонликни қўзғатиш йўлида фойдаланган.