Қашқадарёда уч фарзанднинг 31 яшар онаси ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлди, уй ҳам ёниб кул бўлди

Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилоят, Чироқчи туман, Чияли ҚФЙ, Қозоқ маҳалласида яшаган 31 яшар аёл 26 август куни кечқурун ўзига ва уйига ўт қўйиб ҳалок бўлди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган воқеа гувоҳларининг айтишича, аёл кечқурун уч боласини ташқарига чиқариб, ўзига бензин сепиб ёқиб юборган.

Туман ички ишлар бўлимидан Озодлик олган маълумотга кўра, 90 фоиз куйиш жароҳати олган аёл 27 август куни касалхонада вафот этган.

Чироқчи туман прокуратураси мазкур воқеа юзасидан терговолди суриштируви олиб бормоқда.

Чироқчи туманининг Қозоқ маҳалласида яшаган 31 яшар аёлнинг (аёл ва унинг эрининг исм-шарифи Озодликка маълум – таҳририят) ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабарни исми сир қолишини сўраган маҳалладошларидан бири Озодликка айтди:

“Бу аёлнинг ўн яшар қизи, икки ва бир яшар боласи бор эди. 26 август куни кечқурун учала боласини ҳовлига чиқариб ўйнанглар дегану, ўзи уйнинг ичига кириб устига бензин сепиб ўт қўйиб юборган.

“Бу аёлнинг ўн яшар қизи, икки ва бир яшар боласи бор эди. 26 август куни кечқурун учала боласини ҳовлига чиқариб ўйнанглар дегану, ўзи уйнинг ичига кириб устига бензин сепиб ўт қўйиб юборган. Болалар ҳам билмаган. Молини даладан олиб келаётган қўшниси уйдан тутун чиқаётганини кўриб қолиб, югуриб кирган. У менга, қарасам, аёл деворга суяниб турган ҳолатда ёниб ётибди, вой ҳам, дод ҳам демади, деди. Дарҳол кўрпачани олиб аёлни ўраб ўтни ўчирибдию, уни ерга ётқизиб, аёлнинг қайнотасига хабар бергани чиқиб кетибди. Қўшнисининг айтишича, у пайтда уй ҳали ёнмаган эди”.

Маҳалладошнинг айтишича, қўшнилар эрига телефон қилгандан сўнг, у етиб келган.

На артезиан қудуқ, на ҳовуз бўлгани учун ўтни ўчиришга ҳеч қандай имкон бўлмади.

“Эр келганда уй ёнаётган бўлган. У бир амаллаб кириб, хотинини кўтариб олиб чиққан. Лекин уйни асраб қолиш имкони бўлмаган. Жазирама иссиқда қизиб турган уй, ловуллаб ёнди. Бу жойда ҳали на артезиан қудуқ, на ҳовуз бўлгани учун ўтни ўчиришга ҳеч қандай имкон бўлмади. Янги қурилган уй бутунлай ёниб, кул бўлди, чордевори фундаментлари қолди, холос”.

Аёл қўшниларнинг машинасида зудлик билан касалхонага етказилган, аммо у ўзига келмай 27 август куни эрталаб вафот этган.

Чироқчи туман ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, аёл 90 фоиз куйиш жароҳати олганини айтди.

Чироқчи туман прокуратурасининг ўзини таниширмаган ходими, бу ҳолат юзасидан терговолди суриштирув ҳаракати олиб борилаётганини айтди.

Чияли ҚФЙнинг исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бирининг айтишича, аёл нон ёпиб, бозорда сотиш билан шуғулланган. Унинг эри эса мавсумий ишларда мардикорчилик қилган:

“Аёлнинг ўзига ўт қўйишига эри билан бирор жанжал сабаб бўлди, деб тахмин қилсак, бу аёл бирор марта маҳаллага эрининг устидан арз қилиб бормаган. Эри ўша куни велосипедда бемалол юрганини одамлар кўрган экан. Эр ҳам "мен ҳеч нарсани билмайман, нега бундай қилганини" деган гапини ушлаб турибди. Прокуратура текширяпти, ўзлари ойдинлик киритса керак”.

Сувсиз маҳаллага ўт ўчирувчилар сувсиз келди

Қозоқ маҳалласи Чияли ҚФЙга қарашли ўн бешдан ортиқ маҳаллалардан бири. Сув танқислиги боис ҳар бир оила ўзига артезиан қудуқ (качалка) қурдириб олган. Бу аёлнинг оиласи ҳам энди қудуқ кавлата бошлаган эди.

Воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, чақирилган ўт ўчирувчилар сувсиз келган:

"Уй ёнаётганини кўрган кимдир 01га телефон қилган. Чироқчининг марказидан 24 километрдан етиб келган пожарнийлар қаерда сув бор, деб одамлардан сўрай бошлашди. Ахир сизлар сув билан келмайсизларми, дейишса, кўрсатинглар қаерда сув бор, ўша ердан тортиб келиб ўчирамиз, дейишди. Улар кетиб, қаердандир сув топиб келгунча уй ёниб кул бўлди".

Ўзбекистонда маиший муаммолар сабаб, фуқароларнинг ўзига ўт қўйиш ҳолатлари учраб туриши ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил ноябрдаги ҳукумат мажлисида мамлакатда суиқасд ҳолатлари "соат сайин" ортаётганини айтганди.

Жорий йилдан президент фармони билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимлари киритилди.

2019 йилнинг 18 май куни Самарқанд вилоят, Тайлоқ туманидаги Сочак маҳалласида яшовчи уч боланинг отаси, 33 яшар йигит кадастр ходимлари олдида устига бензин қуйиб, ўзига ўт қўйди. Йигит олган жароҳатлари сабаб шифохонада вафот этди.

Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳокими бошчилигида 14 декабрь куни эрталаб фуқаролар қабули бўлиб ўтаётган пайтда, 29 яшар Нозима Эргашева ўзига ўт қўйган. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, аёл МИБ ходимлари унинг газ қувурини асоссиз кесиб ташлагани, икки ойдан буён унинг арз-додларига ҳеч ким қулоқ солмаётганидан шикоят қилган.