Уч чоракда Ўзбекистон 330 минг тоннадан кўпроқ картошка импорт қилди

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон қиймати 38,8 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 331,6 минг тонна картошка импорт қилган. Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, бу ўтган йилнинг шу давригача Ўзбекистонга келтирилган картошка миқдоридан 83,7 минг тоннага кўпдир.

Ўтган 9 ой мобайнида мамлакатга энг кўп картошка Эрондан (121,7 минг тонна) олиб келинган. Ўзбекистонга мазкур маҳсулотни энг кўп экспорт қилган давлатлар орасида иккинчи ўринда Қозоғистон (95,4 минг тонна), учинчи ўринда эса Покистон (81 минг тонна) турибди.

Бундан ташқари, йил бошидан бери Ўзбекистонга Қирғизистондан 17,4 минг тонна, Ҳолландиядан 10,6 минг тонна, Россиядан 4,4 минг тонна, Франциядан 616 тонна, Афғонистондан 374,6 тонна ва Германиядан 66,3 тонна картошка импорт қилингани очиқланган.

Аввалроқ Озодлик сенаторлар октябрь ойида бўлиб ўтган ялпи мажлисда гўшт, картошка ва музлатилган балиқ импорти ва реализациясини қўшилган қиймат солиғидан озод қилишга оид қонун лойиҳасини маъқуллаганлари ҳақида хабар қилган. Бу чора ошиб бораётган нархлардаги барқарорликни таъминлаш учун кўрилгани билдирилган эди.