Россия Ички ишлар вазирлиги “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатининг Украинанинг аннексия қилинган Луганск вилоятидаги ўқув лагеридан қочиб кетган олти нафар қуролли маҳкумга нисбатан қидирув эълон қилди.
Бу олтовлон машқ лагерига келгунига қадар Россия қамоқхоналарида сақлангани айтилмоқда. Ҳодисага оид эълон нусхалари Россиянинг Ростов шаҳрида пайдо бўлгани ҳақида Donday ва 1rnd.ru нашрлари хабар қилишган.
Donday ҳужжатнинг қидирилаётганлар исмлари ёзилган қисмини чоп қилган эмас. Келтирилган ҳужжатнинг бир қисмида судланганлар лагердан 21-22 декабрь кунлари қочишгани, улар орасида ўзбекистонлик уч фуқаро, Россия, Беларусь ва Қирғизистондан бир нафардан фуқаро борлиги айтилган. Қайд этилишича, лагердан қочганлар қуролланган.
Россия ИИВ ҳодиса юзасидан жўяли изоҳ берган эмас. Вазирлик вакиллари 1rnd.ru мухбирларига қидирилаётганлар шахсига оид маълумот ошкор қилинмаслигини билдиришган. 161.ru нашри ҳам сўровига жавоб ололган эмас.
“Вагнер” ХҲШ раҳбари Евгений Пригожин ҳам ОАВ саволларига тўғридан-тўғри жавоб беришдан қочган. Унга кўра, Украинанинг аннексия қилинган шаҳарлари ва Россияда “анчагина муттаҳамларни қўлга олишяпти”, “қуролланган ҳар хил одамлар”ни тутиш билан эса Росгвардия, милиция ва ХҲШ хавфсизлик хизмати шуғулланмоқда.