Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси, Тошкент шаҳар перинатал маркази ва Тошкент шаҳар 3-сон юқумли касалликлар шифохонаси шу йил 2 декабридан бошлаб коронавирус чалинган беморларни қабул қилишни тўхтатган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев ўз телеграм канали орқали маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур шифохоналар соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига асосан бундан буён ўз йўналиши бўйича дастлабки тартибда фаолиятини давом эттиради. Бу касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар эса 1- ва 2-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига кўчирилади.
“Беморлар чиқарилгандан сўнг муассаса ўрнатилган тартибда зарарсизлантирилади ва эпидемияга қарши чоралар кўрилиб, мавжуд тиббий жиҳозлар консервация қилинади”, дейилган хабарномада.
Ўзбекистоннинг турли жойларида ўтган ҳафтадан бошлаб COVID-19 марказлари ёпила бошлагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.