Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида 29 ноябрь куни 3 яшар болани ўлдиришда айбланаётган фуқаро С. М.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш якунланган.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг маълум қилишича, жиноят иши судья С.Абдуғаниев раислигида кўриб чиқилган.
Фарғона вилоятида туғилган 31 ёшли судланувчи С.М. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в”, “ж” бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан ўлдириш), 25, 97-моддаси 2-қисми “б”, “г”, “ж”, “р” бандлари (ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлни; ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни ёки унинг яқин қариндошларини ўта шафқатсизлик билан такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ўлдиришга уриниш), 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 251−1-моддаси 3-қисмида (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш ёхуд уларни ўтказиш мақсадида тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш учун асбоб-ускуналарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки ўтказиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 24 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, ЖКнинг 50-моддаси 9-қисмига асосан судланувчи тайинланган жазонинг дастлабки тўрт йилини турмада, қолган қисмини эса қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгиланган.
Қонунчиликка мувофиқ, тарафлар биринчи инстанция судининг ҳукми устидан Тошкент шаҳри судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.
Маҳаллий матбуот хабарига кўра, прокурор ҳам, марҳумнинг ота-онаси ҳам суддан судланувчига умрбод қамоқ жазоси тайинлашни сўраган.
Озодлик аввалроқ суд-психиатрия экспертизаси “ақли расо ва руҳий соғлом судланувчи ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вақтда физиологик аффект ҳолатида бўлмаган” дея хулоса бергани ҳақида хабар қилган эди.
Жорий йилнинг 9 июль куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида фуқаро С.М. қонуний никоҳсиз яшаб келган хотини билан жанжаллашув ортидан аёлнинг биринчи турмушидан бўлган норасида фарзандини чавақлаб ўлдиргани тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди.