Учинчи июль об-ҳавони кузатиш тарихида сайёрадаги энг иссиқ кун ўлароқ эътироф этилди

Иллюстратив сурат

Метеорологлар ҳисоб-китобига кўра, 2023 йилнинг 3 июли тарихдаги энг иссиқ кун бўлган – бу куни бутун Ер сайёраси бўйлаб ўртача ҳарорат етти йил муқаддам ўрнатилган рекорддан ошган, дея хабар қилди ВВС.

АҚШнинг “Атроф-муҳитни прогнозлаш миллий марказлари” давлат муассасаси олимлари маълумотига кўра, 3 июль куни дунёдаги ўртача ҳарорат +17,01 даражага етган. 2016 йил августидаги аввалги рекорд +16,92 даражага тенг эди.

Олимлар 3 июлнинг ҳаво ҳарорати сунъий йўлдошдан мониторинг қилина бошлаган 1979 йилдан буён энг иссиқ кун бўлганини урғулашган. Бироқ улар бунинг XIX аср охиридан буён мунзатам равишда олиб борилаётган илмий кузатувлар тарихида ҳам рекорд кўрсаткич эканига аминлар.

Метеорологларга кўра, жорий йил июни об-ҳавони кузатиш тарихида Ер юзидаги энг илиқ июнь бўлган. Олимлар янги ҳарорат рекордларига ҳозирда иссиқхона газлари чиқиши ва Эль-Ниньо ҳодисаси туфайли иқлимнинг ўзгариши сабаб бўляпти, деган фикрдалар.

Эль-Ниньо (испанча “бола” деган маънода) Тинч океанининг экваториал ва жанубий қисмларида вақти-вақти билан сув ҳароратининг кўтарилишида акс этган табиат ҳодисасидир. У бутун сайёра иқлимига таъсир кўрсатяпти. Сўнгги бор Эль-Ниньо ҳодисаси 2016 йилда кузатилган. Олимлар фикрича, эндиликда у яна қайтмоқда.

Бу йил Испания ва Осиёдаги кўплаб мамлакатларда баҳорги жазирама рекорд кўрсаткичга етган, кейин эса океаннинг турли жойларида, масалан, Шимолий денгизда сув ҳароратининг аномал даражада кўтарилиши кузатилган. Июнь ойида Хитой шимолий-шарқида рекорд даражада иссиқ бўлиб, Пекинда ҳаво ҳарорати сўнгги 60 йил ичида илк бор +41 даражага чиққан.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, ҳозир қиш ҳукм сураётган Антарктикадаги Украинанинг “Академик Вернадский” станциясида июль ойида янги ҳарорат рекорди – +8,7 даража қайд этилган.

Олимлар кейинги бир ярим йилда ҳарорат бўйича кўплаб рекордлар кутилиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.