Вашингтон Украина бюджетини тўғридан тўғри қўллаб -қувватлаш доирасида 4,5 миллиард доллар маблағ ажратади. Бу ҳақда АҚШ молия вазири Жанет Йеллен маълум қилди.
Маблағ яқин ҳафталар ичида Украинага тақдим этилади. Ёрдамдан мақсад Украинанинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш орқали унинг Россия агрессиясидан ҳимояланишига кўмак кўрсатишдир. Вашингтон аратган маблағ асосий давлат хизматлари фаолиятини таъминлашга, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, давлат хизматчиларининг ойлик иш ҳақларини тўлашга, кексаларга ва аҳолининг заиф қатламига ижтимоий ёрдам кўрсатишга сарфланади.
Мазкур транш грант сифатида расмийлаштирилган. Йеллен бошқа донор давлатларни ҳам Украинага ёрдам кўрсатишни тезлаштиришга ва кўпайтиришга чақирди.
Президент Жо Байден маъмурияти Киевга 20 миллиард долларлик ҳарбий кўмак кўрсатган, бундан ташқари 10 миллиард доллар гуманитар ёрдам ва иқтисодиётни тиклашга 13 миллиард доллар берган. Байден Конгрессга Украинага яна 37,7 миллиард доллар ёрдам ажратиш сўровини киритган.
8 ноябрда ўтган оралиқ сайловда АҚШ Конгресси Сенатида кўпчилик ўринларни демократлар сақлаб қолди. Бироқ Вакиллар палатасида республикачилар кўпчиликни ташкил қилди. Бу эса демократ Байденнинг ташаббусларини, жумладан, Украинага ёрдам кўрсатиш таклифларини кўриб чиқиш жараёнини мураккаблаштиради.