Украина билан Россия ўртасида яна асир алмашилди

Асир алмашиш доирасида Украинага қайтган ҳарбийлар

Украина билан Россия ўртасида 7 март куни галдаги асир алмашуви бўлиб ўтди. Россия Мудофаа вазири 90 нафар ҳарбий ватанига қайтганини маълум қилди. Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак эса асир алмашуви доирасида Украинага 130 киши қайтганини билдирди.

“Булар Украина Қуролли кучлари жангчилари, миллий гвардиячилар, чегарачилар, Давлат махсус транспорт хизмати ходимларидир. Улар орасида Мариуполнинг 87 нафар ҳимоячиси бўлиб, улардан 71 нафари “Азовсталь”ни мудофаа қилганлардир. Шунингдек, Бахмут ва Соледар атрофида асирга олинган 35 кишини қайтариб оляпмиз”, деб ёзди Ермак ўз телеграм-каналида.

Мулозим мазкур алмашув чоғида қайтарилган асирларнинг кўпчилигини оғир ярадорлар ташкил этишини қўшимча қилган.

Украина билан Россия ўртасида бу йилги илк асир алмашиш январь ойи бошида амалга оширилган эди. Ўшанда томонлар бир-бирларига 50 нафардан кишини қайтарган.

Украинадаги ҳарбийлар ҳуқуқлари бўйича вакил маълумотига кўра, айни пайтда 3 мингдан зиёд украиналик ҳарбий Россияда асир сифатида тутиб турилибди. Тинч фуқаролар дохил яна 15 мингдан зиёд одам дараксиз кетган, деб ҳисобланади.

Россия томони ўз асирлари тўғрисида расмий маълумотларни ошкор қилган эмас.